Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Британиянинг ҳамжамиятдан чиқиб кетиши (Brexit) бўйича барча расмиятчиликларни якунлади. Томонлар ўртасида савдо ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим кучга кирди, деб ёзади «ТАСС».

Фото: EPA

Фото: EPA

Хабарга кўра, Буюк Британия ва Евроиттифоқ ўртасида икки томонлама муносабатлар тўғрисида келишув Брюссель вақти билан 1 майга ўтар кечаси соат 00:00 да (Тошкент вақти билан 03:00) кучга кирди.

«Савдо ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг ҳар икки томондаги фуқаролар ва бизнес манфаатлари йўлидаги янги муносабатларига қонуний ишонч беради. Биз Буюк Британияни яхши қўшни, азалий иттифоқчи ва муҳим шерик сифатида қадрлаймиз», — деди Европа Иттифоқи Кенгаши.

28 апрель куни Европа Парламенти Брюсселда бўлиб ўтган ялпи мажлисда ушбу ҳужжатни ёқлаб овоз берди ва 29 апрель куни ҳужжат Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан ратификация қилинди.

Буюк Британия келишув бўйича барча процедураларни бундан олдинроқ бажарган эди. 2020 йил 31 декабрда Буюк Британия қироличаси Елизавета II Brexit’дан кейин Лондон ва Брюссель ўртасидаги бўлажак муносабатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасига қироллик розилигини берди.

1 январь куни Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги расмий Brexit’дан кейин 11 ойлик ўтиш даври амал қилишни тўхтатди, бу даврда қироллик ҳамжамиятнинг бошқа аъзолари сингари барча тартиб-қоидаларга бўйсуниб, имтиёзларга эгалик қилиб келди.

1 январдан 1 майгача Лондон ва Брюссель ўзаро муносабатларини тўрт ой давомида вақтинча қўлланиладиган, ҳали тасдиқланмаган келишув асосида тартибга солди.

Аввалроқ Brexit’дан кейин Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига экспорт ҳажми камайгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи 2020 йил декабрь ойида Brexit’дан кейинги ўзаро ҳамкорлик шартларини келишиб олган ва Бирлашган Қироллик 2021 йил 1 февраль куни 47 йиллик аъзоликдан сўнг Европа Иттифоқини тарк этган. Январь ойида Bloomberg нашри Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиш ҳақидаги қарори мамлакат иқтисодиётига 132,8 миллиард фунт стерлинг (173,8 миллиард доллар)га тушганини маълум қилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар