Давлат раҳбарларининг қизлари аксарият ҳолларда ота-онасининг фаолиятини давом эттиради, бизнесмен ёки сиёсатчига турмушга чиқади. Шахсий ҳаётини яшириш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаслик ва ҳатто бошқа фамилия остида карьера қилиш ҳолатлари ҳам кузатилиб туради. Лекин уларнинг орасида ўз танловидан келиб чиқиб, ҳаётини оддий одам билан боғлашга қарор қилганлар, ўз хоҳишларига биноан ҳаёт кечирадиганлари ҳам йўқ эмас.
Алия Шагиева
Қирғизистонни 2011—2017 йилларда бошқарган Алмазбек Атамбаев 6 нафар фарзанднинг отаси. Биринчи турмушидан Сейитбек исмли ўғли ва Диана ҳамда Динара исмли эгизак қизи бор. 1988 йилда Раиса Минаҳмедовнага уйланган, рафиқаси Алия ва Қодир исмли фарзандларни дунёга келтирган. Ёпиқ ҳаёт тарзини танлагани сабаб Алиядан ташқари қолган фарзандларни на ижтимоий тармоқларда, на бошқа жойда кузатиш мумкин.
Алия отасининг гапларига қулоқ солмасдан турмуш ўртоқ сифатида оддий йигит Константинга турмушга чиққан. Ҳатто тўйидан кейин ҳам яқинлари томонидан жуфти унга мос эмаслиги таъкидланишига қарамай, у бирга тушган фото ва видеолар билан бўлишишдан чарчамайди.
Лейла Алиева
Озарбайжон президентининг қизи Лейла 2006 йилда бўлажак юлдуз Эминга турмушга чиққан. Crocus Group президентининг ўғли сифатида маълум бўлган йигит президентнинг қизига уйланганидан кейин ҳақиқий машҳурликка эришган.
Турмуши давомида икки нафар фарзандни дунёга келтирган Алиева хоним турмуш ўртоғи билан 2015 йилда ажрашган ва шундан кейин Амина исмли қизни асраб олган.
Айшат Қодирова
Айшат Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг тўнғич фарзанди. ОАВ илк бор унга Firdaws модалар уйининг раҳбари бўлганидан кейин эътибор қаратган. Tatler журналига берган интервьюсида Айшат жуда ҳам кўп ишлаши ва карьера билан университетда ўқишни баравар олиб бориш унга қийинлик қилаётганини таъкидлаган.
Шунингдек, у (отасининг автоҳалокатда ҳалок бўлган синфдошининг ўғли) оддий йигитга турмушга чиққанини ҳам маълум қилган. Турмуш ўртоғи билан тўйидан бир неча ҳафта аввал таниш бўлган қиз отасининг танловига ишонган ва бундан афсусланмаган.
Наталья Кискова
Словакия собиқ президенти Андрей Кисканинг қизи Наталья ҳақида яқингача етарли маълумот бўлмаган. Хорижда яшаган қиз ижтимоий тармоқдаги саҳифалардан фойдаланишини яширишга ҳаракат қилган.
Аммо бугунги кунга келиб у Instagram’да фаол равишда блог юритади ва шахсий ҳаёти билан боғлиқ маълумотларни бўлишиб келади. Яқинда унинг турмушга чиққани маълум бўлган. Наталья турмуш ўртоғининг тўлиқ исми сир бўлиб қолишини истаган.
Мавзуга доир:
- Ислом Каримовнинг невараси россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиқди (видео)
- Отасининг соясида: Путин, Трамп ва бошқа давлат раҳбарларининг қизлари нима билан шуғулланади?
- «Оқ отли шаҳзодалар»: Давлат раҳбарларининг ўғил фарзандлари ҳақидаги маълумотлар (фото)
- Фото: Серфарзанд давлат раҳбарлари
Изоҳ (0)