Тошкентдаги Янгиҳаёт туманида Howo юк машинаси ағдарилиб, ёниб кетди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.
Воқеа 22 апрель куни соат 11:00 ларда Янгиҳаёт тумани ҳудудидан ўтган 4Р-21 автомобиль йўлида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, 1992 йилда туғилган ҳайдовчи М.А. Howo русумли юк машинасини ҳайдаб кетаётиб, бошқарувни йўқотган ва автомобиль ағдарилган. Оқибатда автомобилнинг двигатель қисмида ёнғин юзага келган.
Ҳайдовчи М.А.га биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Ёнғин бартараф этилган.
Ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ЙҲХБ ва ФВБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, ҳодиса содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда.
Аввалроқ Тошкентдаги «Ўрикзор» бозори яқинида «Запорожец» ёниб кетгани, Тошкент вилояти Янгийўл туманида юк машинаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)