Наманган вилоятида 2021 йил биринчи чорагида судлар томонидан 825 та жиноят иши кўриб чиқилди. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоиз ёки 238 тага кўп. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят суди раиси Абдурасул Эранов маълум қилди.

Абдурасул Эранов.

Фото: «Дарё»

Эрановнинг айтишича, шу боис жиноят ишлари бўйича судьяларнинг иш ҳажми 2020 йилга солиштирилганда ойига ўртача 8,8 фоизга ортган.

«Вилоятда 2021 йил биринчи чорагида ҳукм чиқарилиб якунланган ишларнинг аксариятини қасддан баданга тан жароҳати етказиш, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, транспортдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, штамп ва ҳужжатлар, муҳр ва бланкаларни қалбакилаштириш жиноятлари ташкил этди», — дейди вилоят суди раиси.

Инсонпарвалик тамойилига асосланган ҳолда 6 нафар шахс оқланиб, 55 нафари суд залида қамоқдан озод қилинди.

Шу билан бирга, вилоятда 2021 йилнинг дастлабки уч ойи давомида жами судланган шахсларнинг 224 нафари ёки 21,3 фоизини такроран жиноятга қўл урганлар ташкил этди.

«Наманганда 2021 йил 1-чорагида 109 нафар аёлга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилиб, улардан 91 нафарига жазо тайинланди. Бу кўрсаткич ҳам 2020 йилга нисбатан 25 кишига ортган. Умуман, вилоятда 2021 йил уч ойи давомида жами судланган шахсларнинг 12,6 фоизини аёллар ташкил этган», — дейди Абдурасул Эранов.