Ўзбекистон MMA ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровнинг ҳолати ҳақида маълумот берди.

Фото: Instagram / Мурод Хонтўраев

Отабек ака билан ҳар куни суҳбатлашаман. Кайфиятлари, кўринишлари яхши, насиб қилса, яқин кунларда келадилар. Интернетдаги ғалати гапларга ишонманг.

Фақат оёқлари озгина шикастланган. Баъзилар «юролмайди-юролади» деган гапларни қилмоқда. Ҳаммаси жойида. Характери кучли одам, бугун туриш керак бўлса, бугун туриб келадилар. Даволаниб, рамазонни ўтказиб келадилар. Кеча гаплашдим, рўза тутиб, даволаниб ётибдилар.

Мурод Хонтўраев, MMA жангчиси

Эслатиб ўтамиз, Отабек Умаров 13 февраль куни мотоциклни бошқараётиб, Тошкентнинг Мустақиллик шоҳ кўчасида, «Пушкин» метро бекати яқинида Epica русумли автомобиль билан тўқнашиб кетгани хабар қилинганди. Шундан кейин унинг Жанубий Кореяда даволанаётгани ва 4 март санасида операция қилиниши айтилганди.

Маълумот учун, Отабек Умаров 2019 йилнинг 7 мартида Ўзбекистон Триатлон федерациясига раис бўлганди. 2019 йил 8 ноябрида эса янги ташкил этилган Ўзбекистон MMA ассоциацияси президентига айланганди. Шунингдек, 2020 йил 9 февралида унинг янги тузилган Ўрта Осиё MMA конфедерацияси раҳбарига айлангани ҳақида хабар берилганди. Умаров 2020 йилнинг август ойида Триатлон федерацияси раислиги ва MMA ассоциацияси президентлигидан кетганди. Шунингдек, Умаровга 2020 йилнинг январь ойида Осиё Олимпия кенгаши вице-президентлиги лавозими юклатилганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!