Чехия ҳукумати томонидан Россия бош разведка бошқармаси айбланаётган 2014 йил Врбетице қишлоғидаги ўқ-дорилар омборларида содир бўлган портлашлар операциясига разведка бошқармасининг 29155-сонли ҳарбий қисм бошлиғи, генерал Андрей Аверьянов шахсан раҳбарлик қилган. Бу ҳақда The Insider ва Bellingcat агентликлари томонидан ўтказилган суриштирувда айтилган.

Врбетицадаги портлаш бўлган жой

Фото: Чехия полицияси

Суриштирув маълумотларига кўра, операцияда жами олти киши қатнашган — Аверяновнинг икки ёрдамчиси Денис Сергеев ва Егор Гордиенко, подполковник Николай Ежов шунингдек, махсус хизмат зобитлари деб тахмин қилинган Александр Петров ва Руслан Боширов номи билан аталувчи шахслар. Чехияда улар Руслан Табаров ва Николай Попа исмли паспортлардан фойдаланган.

Таъкидланишича, Петров ва Боширов омборда қурол сақлаш билан шуғулланадиган Imex компанияси билан боғланиб, 2014 йил 13—17 октябрь кунлари омборнинг ёпиқ қисмига киришни сўраган. Улар ўзларини ўқ-дориларнинг потенциал харидорлари сифатида таништирган. Imex болгариялик қурол сотувчиси Эмельян Гебрев билан боғланиб, унга потенциал мижозлар тўғрисида хабар берган, аммо Гебрев учрашувга қизиқиш билдирмаган. Омборда 16 октябрь куни портлаш содир бўлган. Ҳодисадан бир неча дақиқа ўтиб Петров ва Боширов Венадан Москвага, Аверянов ва Ежов эса ўша куни Прагадан Венага учиб кетган, у ердан улар ҳам Москвага борган.

17 апрель куни Чехия махсус хизматларнинг Петров ва Боширов исмли зобитлари қидирувга берилди. Шу билан бирга, Чехия расмийлари разведка хизматида ишлаганликда гумон қилинаётган Россия элчихонасининг 18 нафар ходими мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида эълон қилинди. Чехия бош вазири Андрей Бабиш 19 апрель куни портлашлар «давлат терроризми акти» эмаслигини айтди, чунки улар Чехияга эмас, балки «болгар қурол сотувчисининг молларига» қаратилган.

Россия айбловларни бемаъни ва асоссиз деб атади ва Чехиянинг хатти-ҳаракатларига  жавоб сифатида 20 нафар чехиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди.