1992 йил 15 май санасида собиқ совет республикалари ўртасида коллектив хавфсизлик тўғрисида келишув имзоланади ва у 1994 йилнинг 20 апрелидан бошлаб кучга кирди. «Дарё» сана муносабати билан мазкур шартноманинг юзага келиш тарихи ва сабаблари ҳақида ҳикоя қилади.
Қисқача тарих
Коллектив хавфсизлик шартномаси тузилар экан ундан кўзланган асосий мақсад пост совет ҳудудида ташкил топган янги мустақил республикалар ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни сақлаб қолишни мақсад қиларди. Aрманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари коллектив хавфсизлик шартномасини тузишда иштирок этади. 1993 йилга келиб мазкур шартномага Озарбайжон, Грузия ва Беларусь республикалари ҳам аъзо бўлади.1999 йилда Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия коллектив хавфсизлик шартномасига аъзолик муддатини чўзишдан бош тортади ва АҚШ ва Европа Иттифоқи билан яқин алоқалар ўрнатиш мақсадида ГУАМ – Грузия, Украина, Озарбайжон ва Молдова ҳукуматлари рус таъсирига қарши ҳаракат иттифоқига бирлашишади. Ўзбекистон ҳукуматининг ГУАМга аъзолиги даврида 1997 йилда ташкил топган ташкилот ГУУАМ дея номлана бошлайди.
2002 йилда аъзо мамлакатлар коллектив хавфсизлик ташкилоти фаолиятини қайтадан кўриб чиқиш ва уни халқаро ҳуқуқнинг субъектига айлантириш масаласини ҳал қилишга келишиб олди. Мазкур йилнинг 7 октябрь санасида Кишиневда коллектив хавфсизлик келишуви ташкилотининг низоми ва ҳуқуқий асоси ҳақидаги келишув имзоланади. Коллектив хавфсизлик келишуви ташкилотига аъзо мамлакатлар келишувни имзолашади ва келишув 2003 йилнинг 18 сентябридан кучга киради. 2004 йилнинг 2 декабрь санасида ташкилот БМТда халқаро кузатувчи мақомини олади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг асосий вазифалари
2002 йил 7 октябрда қабул қилинган ташкилот низомига кўра ташкилот аъзо мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик сиёсатини юргизиши белгилаб олинган. Аммо ташкилот низомида ташқи хавфларга қарши тезкор ҳаракат қилишни назарда тутувчи бандларни ҳам белгилаб олган. Ташқи хавфлар дейилганда аъзо мамлакатлар чегаралари яқинида учинчи давлатларнинг ҳарбий кучларини жойлаштирилиши, қуролланиш борасидаги шартномаларни бузилиши, ядро қуролининг қўлланилиши, халқаро терроризм, аъзо мамлакатларнинг ички ишларига аралашиш ҳолатлари юзага келган тақдирда аъзо мамлакатлар биргаликда ҳаракат қилиши назарда тутилади.Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзолари ҳозирда Россия, Беларусь, Aрманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳисобланади. Ўзбекистон, Грузия ва Озарбайжон 1999 йилдан бошлаб ташкилот аъзолигида қатнашишни тўхтатиб қўйди. 2005 йил 13 майдаги Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкент коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайтиб қўшилади, бироқ 2012 йилда Ўзбекистон ҳукумати яна ташкилот аъзолигидан чиқиб кетади.
Сиёсатчилар назарида Президент Мирзиёев раҳбарлиги остидаги Ўзбекистон коллектив хавфсизлик келишуви ташкилотига аъзо бўлмайди. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 10 сентябрь санасида Ўзбекистон Ислом Каримовнинг ташқи сиёсатдаги тамойилини давом эттиришини ва бирор-бир ҳарбий блокларга қўшилмаслигини ҳам алоҳида таъкидлайди.
МДҲ ҳудудидаги яна бир бетараф давлат бу Туркманистон ҳисобланади. Туркманистон ҳам Ўзбекистон каби Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида қатнашмаётган бўлса-да, ҳар икки давлат ҳарбий техник соҳаларда Россия билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Қолаверса, расмий Москва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти эшикларини расмий Тошкент ва Ашхобод учун беркитмай келмоқда. Бу эса ташкилотнинг жўғрофий тўсиқлар қўймаганлиги ва бошқа ҳарбий блокларга аъзо бўлмаган мамлакатлар учун ташкилот очиқлигини ҳам билдиради.
Коллектив кучлар
КХШТнинг юзага келиш тарихини уч босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқич 1992-2002 йилларни ўз ичига олиб, бу даврда пост совет ўлкаларидаги янги республикаларда миллий қуролли кучларнинг пайдо бўлиш даври бўлди. Бу давр Россия билан биргаликда бошқа собиқ совет республикалари учун ҳам мураккаб давр бўлди.Иккинчи давр 2002-2008 йилларни ўз ичига олиб, бу даврда КХШТга аъзо мамлакатлар муносабатларида жонланиш, мулоқотга кириш, алоқаларни мустаҳкамлаш кузатилди. Ташкилот низоми қабул қилинди ва ташкилот халқаро ҳуқуқнинг субъектига айланди.
КХШТнинг учинчи босқичи 2009 йилдан ҳозирги «замонавий» даврни ўз ичига олади. Бу даврда ташкилотнинг тезкор ҳаракат қилиш ҳарбий бўлинмалари ташкил топди ва аъзо мамлакатлар вақти-вақти билан ҳарбий ўқув машғулотларини ўтказиб келмоқда. Айни пайтда ташкилот тасарруфида ҳаво десанти ҳарбий бўлинмалари, махсус хизмат органлари иштирокидаги бўлинмалар ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, ташкилотда наркотиклар савдосига қарши кураш бўлинмаси ҳам мавжуд бўлиб, бу бўлинма ўз фаолияти давомида 340 тоннага яқин гиёҳванд моддаларини қўлга олиб, йўқ қилишга эришди.
КХШТнинг учинчи даври, шунингдек, аъзо мамлакатлар ўртасидаги ихтилоф ва низолар даври бўлган бўлса-да, ташкилотнинг мақомини кучайишига туртки берган давр ҳам бўлди.
2010 йил июнь ойида Қирғизистонда қирғиз ва ўзбеклар ўртасида юз берган тартибсизликлар даврида Қирғизистон президенти Роза Отумбаева КХШТ ҳарбий кучларини мамлакатга киритилишини сўради. Беларусь президенти Александр Лукашенко қирғиз ҳукуматининг сўрови асосли эканлигини қайд этиб, ҳарбий кучларни Қирғизистонга киритилишини ёқлади. Бироқ КХШТ бош котиби бўлган Николай Бордюжа айни пайтда аъзо мамлакатларнинг масалага бўлган фикрларидан келиб чиқиб Қирғизистонга ҳарбий кучларни киритмаслик энг оқилона сиёсат эканлигини таъкидлайди. Николай Бордюжа назарида Қирғизистонга ҳарбий куч киритиш мамлакатдаги вазиятни янада мураккаблаштириб қўйиши мумкин эди.
Ўзбекистон тарафи КХШТдан иккинчи марта чиқиб кетар экан, Каримов назарида ташкилот олиб бораётган сиёсат Ўзбекистоннинг Афғонистон борасидаги қарашларига мос эмаслиги, қолаверса Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамда Қирғизистон билан юзага келган совуқчилик эди. Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқишини кўпчилик сиёсий таҳлилчилар ташкилот энди заифлашади деб баҳолаганда, адашган эди. Чунки Ўзбекистоннинг ташкилотдан чиқиши КХШТнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тўлақонли ташкилотга айланишидан кейин юз берди. Ҳозирда КХШТ ШҲТ, БМТ, МДҲ ва Евроосиё Иқтисодий иттифоқи ташкилотлари билан барча даражада яқиндан алоқа қилмоқда.
Айни пайтда Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар Сурия, Навальний атрофидаги воқеалар сабаб анча чигаллашиб турган бир вазиятда Россия учун ташкилот доирасидаги ҳамкорлари билан яқин алоқаларни ўрнатиш муҳимдир. Марказий Осиё эса иқтисодий босим остида қолаётган рус иқтисодиёти учун ҳамон катта имкониятлар бозори бўлиб қолмоқда.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади
Изоҳ (0)