2021—2022 йилларда Самарқанд вилоятида 2 та туризм маҳалласи ва 3 та туризм қишлоғи ташкил этилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов «Дарё» мухбирига берган интервьюсида таъкидлаб ўтди.

Фото: «Дарё»

Абдуҳакимовнинг айтишича, Самарқанд шаҳрида «Боғибаланд» ва «Шарқ» туризм маҳаллалари, Ургут туманида Терсак, Самарқанд туманида Конигил (иккинчи босқич) ҳамда Пайариқ туманида Чоштепа туризм қишлоқлари фаолияти йўлга қўйилади.

«Мазкур масканлар орқали экотуризм, агротуризм, зиёрат туризми, тиббиёт ва гастрономик туризм, этнотуризмни янада ривожлантирмоқчимиз. Шунингдек, ҳунармандлар маркази, сувенир ва савдо дўконлари, оилавий меҳмон уйлари ҳам бунёд этилади. Энг муҳими, йўл кўрсатгичлар, туристик хариталар, Wi-Fi зоналар ташкил қилинади», — деди бош вазир ўринбосари.

Туризм ва спорт вазирининг қўшимча қилишича, ушбу туризм ҳудудлари ташкил этилгач, жами 725 нафар иш ўрни яратилади, йилига 500 минг нафар сайёҳ келиши ҳамда йиллик даромад 21 миллиард сўм бўлиши кутилмоқда.