Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Буюк Британияда мамлакатни Хитой ва Россия каби душман давлатлардан ҳимоялаш учун хорижий ҳукуматлар номидан ишлайдиган шахслар янги қонунга биноан қиролликда бўлиб турганини рўйхатдан ўтказиши шарт. Бу ҳақда The Times газетасига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Газетанинг ёзишича, бош вазир Борис Жонсон 11 май куни қироличанинг парламентдаги нутқи пайтида душман давлатларга қарши ҳаракат тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳақида эълон қилади.

Таъкидланишича, ҳужжатда Буюк Британиядаги хорижий ҳукуматлар номидан ишлайдиган барча шахслар ўзларининг қиролликда бўлиб турганини рўйхатдан ўтказиш талаблари белгилаб қўйилган ва бу талабни эътиборсиз қолдириш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Чет элликларни рўйхатга олиш механизми АҚШ схемаси асосида амалга оширилади, унга кўра, чет эл ҳукуматлари номидан ишлайдиган шахслар, мансабдор шахслар ва сиёсий партиялар Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиши ва вақти-вақти билан ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот топширишлари керак. Ушбу схема хорижий давлат манфаатларини ҳимоя қилувчи барча, шу жумладан, маслаҳатчилар ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассисларга нисбатан қўлланилади. The Times газетаси таъкидлашича, Британия разведка идоралари ҳам худди шундай реестрни яратишга чақирилган, чунки амалдаги қонунчиликка мувофиқ, чет эл жосуслари фақат махфий маълумотларни олиш учун пора билан ушланган тақдирда жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳукумат давлат сирлари тўғрисидаги қонунни янгилайди. Янги версияда ушбу қонундан чет элдан туриб Буюк Британиянинг манфаатларини бузишга уринаётган шахсларга, шу жумладан, душман давлатлар номидан ишлайдиган хакерларга қарши фойдаланиш мумкин бўлади. Ҳозирги қонун фақат чет элдаги британияликларга тегишли.

Россия ва Хитойга нисбатан хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтда Жонсон ушбу чораларни давом эттиришга қарор қилди, деб ёзмоқда The Times.

Daily Mail нашри Буюк Британия ҳукумати ўтган йили ҳам Россия ва Хитойдан ҳимояланиш учун хорижий агентлар реестрини ва давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича янги чораларни яратишни назарда тутувчи қонунларни қабул қилиш имкониятини кўриб чиққани ҳақида ёзган. Бироқ, уларнинг ижроси кейинга қолдирилган эди, деб ёзади The Times.

Март ойи охирида Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес мамлакат қуролли кучларини модернизация қилиш стратегиясини тақдим этган ва унда Россиядан келиб чиқадиган таҳдидни ҳам қайд этиб ўтган. Шунингдек, The Times газетаси Британия Россияни миллий хавфсизликка асосий таҳдид деб атагани ҳақида хабар бериганди. «Британияга асосий таҳдид Россиядан келса, Хитой интеллектуал мулкни ўғирлашга уринадиган ва иқтисодий хавфсизликка таҳдид соладиган рақиб ҳисобланади», — дейилади Британия ҳукумати манбасида. Ҳукуматнинг бошқа бир манбасига кўра, «Россия — душман давлат, Хитой — глобал муаммо». «Хитойга нисбатан ёндашув қуйидагича бўлиши лозим: керак бўлганда рақобатлашиш, иложи бўлса, ҳамкорлик қилиш, керак бўлганда қаршилик кўрсатиш», — дейди манба The Times газетасига.

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар киритганидан сўнг, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг «зарарли ҳаракатлари» муносабати билан Лондондаги Россия элчисини чақиртирди. Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида айтилишича, Буюк Британия АҚШнинг «Россиянинг душманлик хатти-ҳаракатларини давом эттириши» борасидаги хавотирларига қўшилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар