«Дарё» интернет-нашрининг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Отабек Қўлдошев 16 апрель куни Қарши шаҳридаги «Кўк гумбаз» масжидидан Рамазон ойининг биринчи жума намози ҳақида репортаж тайёрлаётганида шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари билан тушунмовчилик келиб чиққан.

Отабек Қўлдошев.

Фото: Telegram

Мухбир суратларни нима мақсадда олаётганини тушунтириб, автомобилидан мухбирлик гувоҳномасини олиб келганида, ҳодиса жойида бўлган ички ишлар ходимларидан бири унга қўполлик қилиб, бошқа ходимларга мухбирни автомобилга солиб, олиб кетишни буюрган. Отабек Қўлдошевни Қарши шаҳар 1-сонли ИИБга олиб келишган.

Ушбу воқеадан сўнг «Дарё» таҳририяти зудлик билан ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди. Шунингдек, Қарши шаҳар 1-сонли ИИБ биноси олдига қашқадарёлик бир гуруҳ журналист ва блогерлар тўпланган. Кўп ўтмай 1-сонли ИИБга Қарши шаҳар ИИБ бошлиғи Б.Мирзаев ва вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова ҳам етиб келган.

Юзага келган вазият юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати баёнот берди. «Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ‘Дарё’ интернет-нашри мухбири Отабек Қўлдошев билан суҳбат жараёнида касб этикасини бузган ички ишлар органи ходимининг ҳаракатлари ўрганиб чиқилиб, ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади вазирлик баёнотида.

«Дарё» интернет-нашри журналистнинг профессионал фаолиятига халал берган ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига баҳо беришда қонун устуворлиги таъминланади, деб ишонади.