Давлат солиқ қўмитаси Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида сотувчиларнинг буюмларини зўрлик билан тортиб олган солиқчилар акс этган видеодаги ҳолат бўйича тезкор текширув ўтказилганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 11 нафар ходими, жумладан, воқеада бевосита иштирок этган уч нафар солиқ инспектори ишдан бўшатилган ва уларнинг барча махсус унвонлари бекор қилинган. Шу билан бирга, Тошкент вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғига ҳамда Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғига ҳайфсан берилган.
Сотувчиларнинг буюмларини тортиб олган солиқ хизматининг собиқ ходимлари қилган ишларидан пушаймон эканликларини таъкидлаб, узр сўраган.
Бундан ташқари, «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида шу пайтга қадар ноқонуний фаолият юритган фуқароларга тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, фаолияти қонунийлаштирилган. Уларга Олмалиқ шаҳридаги савдо марказидан тегишли жой ажратиб берилган. «Шунингдек, кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилиб, улардан бирига тикув машинаси ҳадя этилди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Олмалиқда сотувчиларнинг буюмларини тортиб олган солиқ хизматчилари акс этган видео юзасидан мурожаат қилиб, халқдан бу воқеа учун узр сўраганди.
Изоҳ (0)