Самарқанд майдони яқин атрофдаги бешта туман ҳудудларининг бир қисми қўшилиши ҳисобига амалдаги 12,4 минг гектардан 30,5 минг гектарга кенгаяди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 2021 йил 15 апрелда Самарқанд шаҳрини кенгайтириш лойиҳасини кўрсатмоқда.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, шаҳарга Самарқанд, Пастдарғом, Тойлоқ ва Оқдарё туманлари ҳисобига 18 гектар майдонни қўшиш режалаштирилмоқда. Бу Самарқандни миллионли шаҳарга айлантириш имконини беради.

Самарқанднинг кенгайтирилгандан сўнг қандай ўзгариши.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Бундан ташқари, сайёҳлар ва аҳолига қулай бўлиши учун автомобиллар ҳаракатланишини чеклаш режалаштирилган Самарқанд вилоятининг маъмурий маркази Гулобод бўлади. «Бу ерда сайёҳлар учун барча шароитлар бўлади. Бу ерда автомобиллар ҳаракатланиши тақиқланади… Гулободда янги марказ қурамиз», — деган Президент.

Шавкат Мирзиёев келажак ҳақида ўйлаш кераклигини, шундай ўзгаришлар қилинмаса, «Самарқандга кириб бўлмай қолиши»ни таъкидлаган.

Президент бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва қурилиш вазири Ботир Зокировга йил охирига қадар шаҳарнинг кенгайишини ҳисобга олиб, Самарқанднинг бош режасини ишлаб чиқишни топширди.

Бунинг учун Туркиядан лойиҳа институти ҳам жалб қилинади.

Бошқарув тизимини яхшилаш мақсадида, шаҳарда босқичма-босқич бешта туман — Сўғдиёна, Сиёб, Боғишамол, Мароқанд ва Қорасув (ҳоким тақдимотида Янгикент кўрсатилган) ташкил этилади. Президент ҳозирча 2-3 та туманни ташкил этиш режалаштирилганини қўшимча қилган.

Апрель ойининг бошларида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳри кенгайтирилишини маълум қила туриб, миллион аҳолиси бор шаҳар «ўз статуси борлигини», бу бошқа нарсалар қатори унинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ёрдам беришини айтганди.