Тошкент вилоятининг Бекобод туманида «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастури доирасида ажратилган кредит маблағи талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Департаментнинг Бекобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда АТБ «Агробанк» Бекобод филиали, «П.А.» ва «У.Х.» МЧЖ мансабдор шахслари «Ёшлар — келажагимиз» дастури доирасида ажратилган 301 миллион сўм кредит маблағларини мақсадсиз сарфлаб, талон-торож қилганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан филиал ва жамият мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятининг Пискент туманида «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастури доирасида ажратилган 1,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредитни талон-торож қилган фермер хўжалиги раҳбарига жиноят иши қўзғатилгани, Зангиотада «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси раҳбарлари 400 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, «Ёшлар — келажагимиз» жамғармасининг жами 1 миллиард 191,3 миллион сўм пулни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган бош ҳисобчиси ишдан олингани маълум қилинганди.
Изоҳ (0)