Намангандаги каналдан жасади топилган ўқувчи қизнинг қотиллигида унинг келинойиси гумон қилинмоқда, деб хабар беради вилоят прокуратураси.

Маълум қилинишича, 5 апрель куни соат 19:00 ларда Наманган шаҳар «Соҳил» МФЙ, Бодомзор кўчасида яшовчи С.М. туман прокурори номига ариза билан мурожаат қилган. Аризада у Чортоқ тумани «Бағрикенглик» МФЙ онаси Н.М. қарамоғида бўлган вояга етмаган фарзанди М.А. шу куни эрталаб Чортоқ туман ХТБга қарашли 47-сонли умумтаълим мактабига кетиб («Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиевнинг аниқлик киритишича, марҳум қизалоқ мактабнинг 5-синфида ўқиган), қайтиб келмасдан бедарак йўқолганини маълум қилиб, қизини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, вояга етмаган М.А.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шундан сўнг, вояга етмаган М.А.нинг шубҳали бедарак йўқолишида уни қотиллик жинояти қурбони бўлган бўлиши мумкинлигини назарда тутиб, 6 апрель куни туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 2021 йил 6 апрель куни вояга етмаган М.А.нинг жасади Наманган шаҳар «Шербулоқ» МФЙ, Шербулоқ кўчасидан оқиб ўтган «Катта Наманган» канали устидан ўтган кўприк остининг сув оқими паст бўлган қисмидан, ташқи тан жароҳатларсиз топилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, вояга етмаган М.А.ни 2021 йил 5 апрель куни соат 10:30 да келинойиси, 1999 йилда туғилган Ф.Қ. мактабдан олиб чиқиб кетгани ва Чортоқ тумани «Алишер Навоий» МФЙ оқиб ўтган «Катта Наманган канали»га олиб бориб, сувга итариб юборгани аниқланган.

Шунга кўра, фуқаро Ф.Қ. 6 апрелда жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.