Эроннинг Натанз шаҳридаги ядро заводида электр энергиясини тақсимлаш тармоғида авария содир бўлди. Мазкур заводда Эрон ядро дастурининг муҳим қисми — уранни бойитиш ишлари олиб борилади. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: news.tut

Натанздаги авария Эрон уранни бойитадиган янги замонавий центрифугаларни ишга тушириш тўғрисида эълон қилганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Эрон ҳукумати авария тафсилотларини тўлиқ ошкор қилмади, аммо қурбонлар йўқлиги ва зарарли моддаларнинг оқиши кузатилмаганини маълум қилди.

Воқеа содир бўлгани ҳақидаги хабарлардан бир неча соат ўтгач, Эрон атом энергияси ташкилотининг (АЭОИ) раҳбари Али Акбар Солиҳ уранни бойитиш заводидаги воқеа «террористик ҳаракат» эканини айтди.

У Жаҳон ҳамжамиятини ва Халқаро атом энергияси агентлигини (МАГАТЭ) «ядровий терроризм»га қарши курашишга чақирди, шунингдек, Эрон бундай ҳаракатларга жавобан тегишли чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини таъкидлади.

Шунингдек, Натанз заводидаги авариядан сўнг Али Акбар Солиҳ ва АЭОИ расмий вакили Беҳруз Камалванди объектни кўздан кечиргани борди. Атом иншоотига ташрифи чоғида Беҳруз Камалванди жароҳат олди. Хабарларга кўра, ташкилот вакили тахминан етти метр баландликдан йиқилиб тушган. У Кашан шаҳридаги касалхонага олиб кетилган. Шифокорларнинг ташхисига кўра, Камалвандининг тўпиқ суяги синиб, бошидан ҳам жароҳат олган. Маълум қилинишча, жабрланувчининг аҳволи қониқарли.

Натанздаги аварияга Исроил томонидан уюштирилган портлаш сабаб бўлган, деб ёзмоқда The New York Times манбаларига асосланиб.

Газетанинг таъкидлашича, ядро иншоотидаги электр энергиясининг узилиши «пухта режалаштирилган портлатиш» натижасида содир бўлган. АҚШ ва Исроил разведкаси вакиллари NYT’га «аварияда Исроилнинг роли бор» дея маълум қилган.

Разведка манбалари газетага ушбу иншоотда «катта портлаш» содир бўлганини, натижада уранни бойитувчи ерости сантрифугаларини қувват билан таъминлайдиган «яхши ҳимояланган ички электр тармоғи» йўқ қилганини айтган. Уларнинг фикрига кўра, бу «Исроилнинг махфий операцияси».

Jerusalem Post газетасининг хабар беришича, Эрон ядро иншоотидаги воқеа киберҳужум натижасида содир бўлган ва унинг орқасида Моссад Исроил разведка агентлиги турган бўлиши мумкин.

NYT маълум қилишича, Натанздаги заводни қайта ишга тушириш учун камида тўққиз ой вақт кетиши мумкин. Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Исроилнинг мазкур режаларидан хабардор бўлган-бўлмагани ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Аввалроқ Индонезиянинг нефтни қайта ишловчи Pertamina Balongan заводида содир бўлган ёнғин оқибатида 5 киши қаттиқ куйиш, 15 киши енгил жароҳат олгани ҳақида хабар берилганди. Мумбайдаги Dreams Mall савдо марказида жойлашган коронавирус беморлари даволанаётган Sunrise Hospital шифохонасида содир бўлган ёнғин оқибатида эса 10 киши ҳалок бўлган.