Пекинда дўкон, кафе ва бошқа муассасалар биноларида турли рангдаги стикерлар пайдо бўлди. Улар мижозларга коронавирусга қарши эмланган ходимлар улушини кўрсатади. Бу ҳақда The Guardian нашрига таяниб, Meduza хабар берди.
Пекин ҳукумати фирмалар ходимларининг 80 фоизи эмланган бўлса, яшил рангли, 40 фоиздан 80 фоизигача эмланган бўлса, кўк рангли, эмланганлар улуши 40 фоиздан паст бўлса, қизил рангли стикер билан белгиламоқда.
Пекин ҳукумати рангли стикерларни бир неча ҳафта олдин жорий қилган эди. Шаҳар ресторанларидан бирининг менежери The Guardian нашрига хабар беришича, уларнинг биноси яшил рангли стикер олган, бу эса савдога катта ёрдам бермоқда. «Мижозлар бу ерда тушлик қилишни хавфсиз деб ҳисоблайди», — деб қўшимча қилди у.
Хитойда коронавирусга қарши бир нечта вакциналар ишлаб чиқилди ва 145 миллиондан ортиқ аҳоли вирусга қарши эмланди. Ҳукумат июнь ойигача 560 миллион кишини (аҳолининг 40 фоизи) вакцинация қилишни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Хитойда фойдаланувчиларга уларнинг соғлиғи ва ташрифлари тарихидан келиб чиқиб яшил, сариқ ёки қизил ранг берувчи мобил дастур ишлаб чиқилганди. Жамоат жойларига кириш ёки жамоат транспортидан фойдаланишдан олдин одамлар дастурнинг уларга қандай ранг берганини кўрсатиши керак.
Маълумот учун, Венесуэлада ҳам Яракуй штатининг Сукре муниципалитети мери Луис Дуке коронавирус билан касалланганлар яшовчи уйларга махсус тахтачалар илишга кўрсатма берди. Тахтачага қизил диаметрли айлана (тақиқ белгиси) тасвири туширилган белги илинган уйда коронавирусга чалингани аниқланган ёки гумон қилинаётган одам яшаётганини англатади.
Изоҳ (0)