«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
19:23, 08.04.2021 10216

Баҳор учун витаминлар: Кайфият кўтарилиши, тери, тирноқ ва сочлар соғлом бўлиши учун нима қилиш керак?

Саломатлик ва киши ўзини яхши ҳис қилиши учун муҳим бўлган витаминларни маҳсулот таркибида атиги 30 фоиз қабул қилинади. Қишдан кейин баҳор келиши билан эса кишида витаминлар танқислиги ва уларга эҳтиёжнинг кўпайиши кузатилади.

Фото: Freepik

Баҳорда қандай витаминлар қабул қилиш керак?

Аслида витаминларни қайси йил фасли бўлишидан қатъи назар, қабул қилишни канда қилмаслик керак. Танқисликни текшириш ва етишмаётган элементларни қоплаб туришга ҳаракат қилиш керак. Баҳорда авитаминоз авж олишининг сабаби қишда қуёш нурлари, шунингдек, барра мева ва сабзавот ҳамда кўкатлар етишмаслиги билан боғлиқ.

А ва E витаминлари

А ва E витаминлари ҳужайраларни зарарлашдан сақлайдиган кучли антиоксидант ҳисобланади. Сурункали чарчоқ, уйқусизлик, ақлий ва жисмоний қобилиятнинг сусайиши сингари симптомларни бартараф этишга ёрдам беради.

B гуруҳи витаминлари

Тери ва шиллиқ қават соғлом бўлишини таъминлайдиган мазкур витаминлар асаб тизимини яхшилаб, стрессга қарши яхши самара беради ҳамда ҳужайраларнинг кўпайиш ва ўсиш жараёнларида иштирок этади. Организмда B12 витаминининг етишмаслиги анемияга ҳам олиб келиши мумкин.

C витамини

Иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайдиган C витамини муаммоли тери ва ҳуснбузарларнинг бартараф бўлишида аҳамиятли бўлган рух моддаси таъсирини жадаллаштиради. Рационга C витаминига бой маҳсулотларни қўшиш ҳар томонлама соғлом бўлишга ёрдам беради.

D витамини

D витамини суяклар ва тишларнинг мустаҳкам бўлишини таъминлаш билан бирга, остеопороз ривожланишининг олдини олади, ҳатто ёғларни эритиш хусусиятига ҳам эга ҳисобланади. Гўзаллик ҳақида гап кетганда, мазкур витаминнинг тери, тирноқлар ва сочларнинг мустаҳкам ва ялтироқ бўлишига ҳисса қўшишини таъкидламасликнинг иложи йўқ.

Магний

Магний мушакларнинг фаол бўлиши ва асаб толаларининг тикланишида аҳамиятли саналади. Аммо унинг ўзи организмда синтез бўлмагани сабаб уни витамин комплекси кўринишида ёки магний ваннаси сифатида қабул қилиш керак. Магний терининг силлиқ ва таранглигига жавоб беради.

Витаминларни қандай кўринишда қабул қилиш керак?

А, C, D, E ва B гуруҳи витаминларига организмда аксарият ҳолларда эҳтиёж юқори, аммо уларни қандай кўринишда қабул қилиш кераклигини яхши билиш керак. Масалан, А витаминининг икки хили бор. Ўсимлик формаси — бу бета-каротин бўлиб, сабзи, булғор қалампири, қовоқ, помидор, шафтоли ҳамда кўкатлар таркибида мужассам бўлади. Организмда бета-каротин ферментлар фаоллиги остида ретинолга, ретинол эса ўз навбатида ретинал ва ретинал кислотасига айланиши керак. Бунда кўриш қобилияти яхшиланади, тери ва шиллиқ қават соғлом бўлади. Агар поливитаминлар комплексининг идишида витаминлар формаси келтирилмаган бўлса, бу фаол бўлмаган шакли бўлади. Масалан, А витаминида бу бета-каротин, C витаминида эса аскорбин кислотаси, B6 билан бўлса, пиридоксин гидрохлорид бўлади.

Одамларга витаминлар турлича таъсир қилади. Кимнингдир организмига сингган витамин бошқа бир одамда сингмаслиги, ҳатто салбий таъсир қилиши ҳам мумкин. Керакли витаминнинг форма ёки дозасини генетик тест орқали аниқлаш мумкин. Генетика йиллар давомида ўзгармагани сабаб тестни ҳаёт давомида бир марта ўтказишнинг ўзи етади. Унинг жавобидан келиб чиқиб, витаминни турли кўринишда қабул қилса бўлади.

Моновитаминлар ва поливитаминлар комплекси дори воситаси эмас, организм фаолияти учун муҳим бўлган қўшимчалар саналади. Аммо уларни танлашда ўзбошимчалик қилмаслик, шифокорлар билан маслаҳатлашиш керак.