Ушбу беморларнинг бари Қашқадарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. 3 апрель, шанба куни туман ҳокимлиги матбуот хизмати коронавирусга чалингани тасдиқланган 14 бемордан бири «шифокорлар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган муолажаларга қарамай» вафот этганини маълум қилди.
«Тумандаги ‘Совбоғ’ маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган 68 ёшли фуқаро Н.Р. ёндош касалликлари (қандли диабет) бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечди. Бемор ўткир қон томир ва нафас етишмовчилигидан вилоят юқумли касалликлар шифохонасида вафот этди. Туман ҳокимлиги жамоаси марҳумнинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига ҳамдардлик билдиради», — дейилади Ғузор ҳокимлиги ахборотида.
Қайд этиш жоиз, Ғузор туманида апрель ойида кузатилган 14 та касалланиш ва коронавирус оқибатидаги битта ўлим ҳолати ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юритилаётган Ўзбекистоннинг расмий коронавирус статистикасидан ўрин олмаган. ССВ маълумотларига кўра, апрель ойининг дастлабки уч кунида бутун Қашқадарё вилоятида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ фақат иккита ҳолат (2 апрель куни) аниқланган.
Маълумот учун, ССВ томонидан юритилаётган расмий статистика бўйича Қашқадарё вилоятида 2021 йил бошидан 3 апрелга қадар — 93 кун давомида — коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ жами 52 та ҳолат (кунига ўртача 0,55 та ҳолат) тасдиқланган. Хусусан, январь ойида 21 та (ойнинг 12 кунида касаллик аниқланган, қолган 19 кунида касаллик аниқланмаган), февраль ойида 9 та (ойнинг фақат 4 кунида касаллик аниқланган, қолган 24 кунда касаллик аниқланмаган), март ойида 20 та (ойнинг фақат 5 кунида касаллик аниқланган, қолган 26 кунида касаллик аниқланмаган) ва апрель ойида, юқорида таъкидланганидек, фақат 2 апрель куни 2 та ҳолат қайд этилган.
Эътиборга молик томони, расмий статистика бўйича Қашқадарё вилоятида 24 январдан 5 февралгача — кетма-кет 13 кун ҳамда 13 февралдан 19 мартгача — кетма-кет 29 кун (салкам бир ой) коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат рўйхатга олинмаган. ССВ маълумотларига ишонилса, вилоятда сўнгги 10 кун (25 март—3 апрель оралиғи)да коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ жами 11 та ҳолат аниқланган — 26 март куни 6 та (бу 2021 йил ҳисобидан вилоятда қайд этилган иккинчи расмий антирекорд), 28 март куни 3 та, 3 апрель куни 2 та.
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил август ойида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда коронавирус бўйича ҳақиқий ҳолат рақамларини яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирган, бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса коронавирус статистикасига доир рақамларни сохталаштиришдан манфаатдор эмаслигини мунтазам таъкидлаб келади.