Ўзбекистонда апрель ойининг биринчи якшанбаси Геология соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланади. Бу ҳақдаги тегишли қонун 2018 йил декабрь ойида қабул қилинган.
Ҳар бир давлатнинг тараққиёт даражаси кўп жиҳатдан унинг заминидаги қазилма бойликларга боғлиқ. Бу бойликларни излаб топиш ва иқтисодиёт тармоқларига фойдаланишга топшириш вазифаси эса геологлар зиммасига тушади.
Ушбу шарафли вазифани бажариш учун соҳа мутахассис-геологлари фойдали қазилмалар конларини замонавий услублар, техника ва технологияларни қўллаган ҳолда излаб топиш, баҳолаш, уларнинг захираларини хисоб-китоб қилиб давлат балансига киритиш бўйича чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлишлари, дунё геология фани ва амалиётининг ютуқларидан хар томонлама хабардор бўлишлари зарур. Бу борада мутахассис-геологларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш муҳим ахамиятга эга.
Худди шу мақсадларни амалга ошириш учун 2015 йили Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Геология тармоғи ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ташкил этилган. Ҳозирги кунда институтда 37 йўналиш бўйича геологлар ва муҳандис-техник ходимларнинг малакасини ошириш курслари, 18 та мутахассислик бўйича геология соҳаси учун зарур бўлган ишчи кадрларни қайта тайёрлаш курслари фаолият кўрсатаяпти.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг мамлакатнинг минерал хом ашё базасини ҳар томонлама мустаҳкамлаш эҳтиёжи пайдо бўлди. Агар сўнгги тўрт-беш йилнинг ўзи таҳлил қилинса ҳам, тоғ-кон, металлургия, қурилиш, кимё ва саноатнинг турли бошқа тармоқларини ривожлантириш учун 35 дан зиёд турдаги фойдали қазилмаларни излаш ва қидириш ишлари йўлга қўйилди.
Коронавирус пандемияси туфайли бутун дунё мамлакатларининг иқтисоди учун қийин бўлган 2020 йилда Ўзбекистоннинг геология соҳаси мамлакат иқтисодиётининг мустаҳкам таянчи эканлигини исбот қилди. Ўтган 2020 йилда белгиланган 17 турдаги фойдали қазилмалар захираларини ошириш режалари ошиғи билан бажарилди.
Жумладан, олтин захиралари бўйича режа 127,4 фоизга ёки 102,5 тоннага бажарилди, кумуш захиралари 448,4 тоннага оширилиб, режа уч карра ортиғи билан уддаланди. Стратегик хом ашё бўлган уран захиралари 101,3 фоизга ёки 3 038,5 тоннага, қўрғошин 107, 3 фоизга ёки 29 минг тоннага, рух 116,1 фоизга, ёки 26,7 минг тоннага, мис 3 038 тоннага, волфрам 10,2 минг тоннага, нодир ва камёб ер металлари 1 245 тоннага, кварс хом ашёси 389,5 минг тоннага, базалт хом ашёси 544,7 минг тоннага, фосфорит 5,5 миллион тоннага, кўмир 45,8 миллион тоннага кўпайтирилиб, белгиланган режалар ортиғи билан адо этилди. Бундан ташқари, қурилиш материаллари саноати учун хом ашё захиралари ҳам кўпайтирилди.
Геологларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли олтин, уран, мис каби стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган металларнинг захиралари ва қазиб олиш ҳажми бўйича Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида етакчи ўринларни эгаллайди. Ўтган асрнинг 60 йилларида ишга туширилган Мурунтоғ олтин кони нафақат Ўзбекистонда, балки дунё миқёсида ҳам пешқадам. Дунёнинг энг йирик олтин конлари рейтингида Мурунтоғ қаторасига икки йил — 2019 ва 2020 йилларда биринчи ўринни эгаллади. Ушбу йирик конда ҳар йили 56—57 тонна олтин қазиб олинади.
Айни вақтда, олтин Ўзбекистон экспортининг асосий қисмини ташкил қилади: 2020 йилда Ўзбекистон 5,8 миллиард долларлик олтин экспорт қилди — бу умумий экспорт ҳажмининг салкам 40 фоизини ташкил қилади.
Соҳа мутахассислари 2021 йилда ҳам геология-қидирув ишларига чет эл инвестицияларини жалб этган ҳолда Ўзбекистоннинг ер қаърида яширин бойликларини излаб топиш борасида ўз олдиларига катта мақсадларни қўйган. Энг зарур фойдали қазилма конларини излаш ва қидириш бўйича 50 дан зиёд истиқболли геологик объектлар маҳаллий ва хорижий инвесторларга таклиф этилаяпти. Жумладан, Тебинбулоқ титан-магнетит ва Сурен ота темир конларини ҳамда Учқулоч полиметалл конини самарали ўзлаштириш учун инвесторларга топшириш кўзда тутилган. Бу ишлар Ўзбекистоннинг қудратига қудрат қўшиш билан бирга, халқимиз учун минглаб янги иш ўринлари яратишга имкон беради.
Фурсатдан фойдаланиб халқимиз учун ер ости бойликларини излаб топаётган заҳматкаш ва фидойи геологларни касб байрамлари билан табриклаймиз.
Илҳомбой Тўрамуратов, геология-минералогия фанлари доктори,
Нуритдин Абраев, инженер-геолог,
Геология тармоғи ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти