Филиппинда 1 апрель ҳолатига кўра, ўтган бир кеча-кундузда 212 та зилзила рўйхатга олинди. Шундан кейин Таал вулқони ҳаракатга келди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: «France24.com»

Сейсмологлар бир дақиқадан 20 дақиқагача давом этган 168 та, паст тебранишли 44 та зилзилаларни рўйхатга олган.

«Бу вулқон остида юзага келган магматик фаолликни кўрсатади», — деб таъкидлади Филиппин вулқоншунослик ва сейсмология институти раҳбари Ренато Солидум.

Ҳозир Таал вулқони оролига кириш, шунингдек, вулқон ҳудудида самолётлар парвози тақиқланди.

Кучли портлаш содир бўлган тақдирда вулқон яқинида яшовчи фуқароларни эвакуация қилишни бошлаш учун маҳаллий ҳукумат вазиятни кузатмоқда.

Таал жануби-шарқий Осиёдаги энг фаол вулқонлардан бири бўлиб, у машҳур сайёҳлик объекти ҳисобланади.

Маълумот учун, Исландияда ўтган ҳафтада 50 мингдан ортиқ зилзила содир бўлди. Тебранишлар мамлакат пойтахти Рейкявикдан 30 километр узоқликда қайд этилди. Шундан кейин 900 йиллик вулқон ҳаракатга келди. Осмон қизил тусга кирди. Одамларга кўчага чиқмаслик ва уйининг ойналарини очмаслик тавсия қилинмоқда.

Шунингдек, Суматра оролида Синабунг вулқони ҳаракатга келгани, Сицилияда Этна вулқони, Индонезияда Левотоло вулқони уйғонгани ҳақида хабар берилганди.

Гватемалада эса Пакая вулқони отилиб чиқишда давом этмоқда, лава оқими қаҳва плантацияларигача етиб борди ва турар жой биноларини вайрон қилди.