Нигерда ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига уриниши муваффақиятсизликка учради. Бу ҳақда Agence France-Presse нашрига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Таъкидланишича, 31 март куни тонгда ҳарбийлар гуруҳи мамлакат пойтахти Ниамей шаҳридаги президент саройига бостириб киришга уринди, лекин президент гвардияси бунга тўсқинлик қилди.
«Ушбу давлат тўнтаришига уриниш ташаббускорлари бўлган ҳарбий хизматчилар ҳибсга олинди», — дейилади хабарда.
Воқеа юзасидан ҳали расмий муносабат билдирилмади.
Маълумотларга кўра, пойтахт Ниамей шаҳрида соат 03:00 да отишма бошланган ва бир соат ўтиб тўхтаган. Шундан сўнг пойтахтнинг баъзи туманларида фақат отишма ҳақида хабар берилди.
Sinxua агентлигининг хабар беришича, мамлакатнинг энг йирик ҳарбий базаларидан бири жойлашган пойтахт халқаро аэропорти ҳудудида ҳам ўқ овозлари эшитилди.
Маълумот учун, воқеа президентлик сайловларида ғолиб чиққан Муҳаммад Базумнинг инаугурациясига 48 соат қолганда содир бўлди.
Аввалроқ Нигернинг жануби-шарқида жойлашган Дифф туманидаги Тумур қишлоғига «Боко ҳарам» экстремистик гуруҳи ҳужум қилган эди. Натижада 800 та хонадон ёқиб юборилди, 28 нафар тинч аҳоли қурбон бўлди.
Мьянмада ҳам президент ва давлат маслаҳатчиси қўлга олинди, шундан кейин мамлакат Қуролли кучлари бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди. Ҳарбийлар ҳокимият Қуролли кучлар бош қўмондони Мин Аун Хлаин қўлига ўтишини эълон қилган.
Мьянма Қуролли Кучларининг зирҳли машиналар билан кучайтирилган бўлинмалари 2 февраль, сешанба куни ҳукумат бинолари ва бошқа муҳим объектларни қўриқлаб, мамлакатдаги энг йирик шаҳар — Янгондаги халқаро аэропортни тўсиб қўйди.
14 февраль куни Мьянмада ўн минглаб аҳоли асосий шаҳарларда мамлакатда юз берган ҳарбий тўнтаришга норозилик билдириш мақсадида кўчаларга чиқди.
Натижада Евроиттифоқ Мьянмадаги вазият учун жавобгар бўлган 11 кишига қарши санкциялар киритди.
Мьянма шаҳарларида бўлаётган норозилик ҳаракатларини бостириш чоғида 14 март куни 38 киши ҳалок бўлди, 80 киши жароҳатланди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобларига кўра, февраль ойининг бошида ҳарбийлар ҳокимият тепасига келиб, оммавий намойишлар бошланганидан буён мамлакатда камида 126 нафар намойишчи ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)