Бугун, 1 апрель, пайшанба куни Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланди. Бу ерда бир кунда 70 нафар кишини вакцина билан эмлаш режалаштирилган, дея хабар берди «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.

Фото: Шерзод Қорабоев

Таъкидланишича, биринчи бўлиб коронавирусга қарши вакцина билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Мамажонов ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи Аҳмад Ёқубов эмланган.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳридаги 7 та оилавий поликлиникада ташкил этилган вакцинация пунктларида коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирларига киришилган. Дастлабки босқичда 65 ёшдан катталар ва коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган тиббиёт ходимларини эмлаш кўзда тутилган.

Фото: Шерзод Қорабоев

Қўшимча қилинишича, айни вақтда Фарғонага 77 минг доза Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси, 76 минг доза COVAX жамғармаси томонидан олиб келинган AstraZeneca вакцинаси келтирилган.

Фарғонада 2021 йилда 600 минг нафардан зиёд фуқарони COVID-19’га қарши вакцина билан мутлақо бепул ҳамда босқичма-босқич эмланиши режалаштирилган. Вилоятда эмланиши режалаштирилган 187 минг 830 нафар 65 ёшдан ошган кекса, 310 минг 534 нафар сурункали касалликлари бор шахс, 51 минг 260 нафар тиббиёт ходими, 107 минг 164 нафар мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ходими мавжуд.

Фото: Шерзод Қорабоев

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармасига вакциналарни сақлаш ва ташиш сифатини яхшилаш учун БМТнинг болалар жамғармаси ЮНИСЕФ томонидан 1 та музлаткичли юк машинаси ва 19 та Labo автомобиллари топширилган. Ҳозирда аҳолининг юқори хавфга эга қатламлари ҳамда тиббиёт ходимлари белгиланиб, уларни эмлаш учун 359 та мобил бригадалари ташкил этилган.

Вакцина билан эмлаш тадбирлари 1 апрель, Самарқанд шаҳрида ҳам бошланган бўлиб, 12 та эмлаш пунктида, 44 та мобил, 11 та ҳаракатдаги бригада томонидан амалга оширилмоқда.

Фото: «Дарё»

Бу ҳақда «Дарё»га маълум қилган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматига кўра, битта эмлаш пунктида бир кунда ўртача 70 нафар фуқаро эмланади.

Бошқарма берган маълумотга кўра, 2021 йил 17 мартда Ҳиндистон давлатида COVAX дастури асосида ишлаб чиқарилган 69 минг доза «Ковишилд» вакцинаси, 29 март куни Хитойнинг Ayhui Zhifei Longcom компанияси ва ўзбек олимлари ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган 65 минг 200 доза янги рекомбинант ZF-UZ-VAK 2001 коронавирус вакцинаси Самарқандга олиб келинган.

Фото: «Дарё»

«Аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш иккала турдаги вакцина билан бир пайтнинг ўзида бошланади. Биринчи навбатда хавф гуруҳидаги 65 ёш ва ундан катталар, тиббиёт ходимлари, яъни коронавирус инфекцияси беморларини даволаш масканлари, тез тиббий ёрдам, шошилинч тиббий ёрдам, юқумли касалликлар шифохоналари ходимлари, бирламчи тиббий бўғин муассасалари ва санитария-эпидемилогик хизмат вирусология лабораториялари ходимлари эмланади», — деди Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассиси Шоира Халилова.

Фото: «Дарё»