Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкентнинг Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров YouTube’даги Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Тошкент шаҳридаги туманларни Тошкент вилоятидаги туман ва шаҳарларга бириктириш сиёсати юзасидан изоҳ берди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар бермоқда.

Элбек Шукуров.

Элбек Шукуров.
Кадр: YouTube / Alter Ego

Масалан, «Ўзбекистон 24» телеканали «маҳаллабай» ишлаш тизими ҳақидаги лавҳаларининг бирида Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига бириктирилганини маълум қилган эди. Унга кўра, Чилонзор тумани ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармасининг 100 нафар ходими Ангренга чиқиб, 10 гектар ҳудудни ободонлаштириш ишлари билан шуғулланган. Улар Ангренда кўп қаватли уйлар олдига бетон қуйган, ноқонуний қурилмаларни бузган, дарахтларга шакл берган, трансформатор шохобчасини таъмирлаган, болалар ва спорт майдончалари қурган.

Сергели ҳокимининг сўзларига кўра, раҳбарлар «топшириқларни турлича тушунади».

«Топшириқда асли нима дейилганди? Сергели ва Янгиҳаёт туманлари Янгийўл шаҳрига бириктирилган. У ерда ҳам ҳоким, секторлар, бизда бор бўлимларнинг ҳаммаси бор... Биз у ерда Сергелида бор самарали тизимларни татбиқ этишимиз керак эди. Янгиҳаёт янги туман бўлгани учун, у коммуникациялар, йўллар, шу йўналишда ишлади, ҳозир ёрдам беряпти. Қаердадир ўргатяпти, қаердадир нима қилиш кераклигини, қандай режалаштириш кераклигини айтиб турибди», — деди у.

Ҳокимнинг айтишича, Сергели тумани Янгийўлга ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида уй-жой мулкдорлари ширкат (УЖМШ)ларининг ўрнини эгаллаётган профессионал бошқарув компанияларини тизимини жорий этишда ёрдам бермоқда.

«Бизда тўртта шундай компания бор. Мен уларнинг самарадорлиги супер демоқчи эмасман, лекин УЖМШлардан анча яхши. Биз шу йўналишда ёрдам беряпмиз... Эҳтимол, қайсидир ҳокимлар ўз имкониятларидан келиб чиқиб у ерга қўшимча одам, воситалар юборгандир, агар ўзига бириктирилган туманда, шаҳарда шунга зарурат бўлса, улар ўз ишини шундай ташкил қилгандир», — дея тахмин қилди у.

Элбек Шукуров Янгийўл шаҳридаги ётоқхоналардар бирини таъмирлашда ёрдам кўрсатганини тан олди. Унинг алоҳида қайд этишича, у бу ишни дўстларининг ёрдами билан қилган ва маҳаллий бюджетдан маблағ сарфламаган.

«Янгийўл ҳокимининг иши кўплигини тушунаман, қаердадир улгурмаган ёки улгурмаётгандир. Ўзим ҳам ҳокимлигимни ва менда ҳам шунақа жойлар борлигини тушунаман. Мен шунчаки ўша ерда яшайдиган дўстларимдан таъмирлаш ишларини ташкил қилишда ёрдам сўрадим. Лаббай деб чиқишди, ишни қилишди. Менимча, агар ўз туманиг бюджет маблағларини сарфламаётган бўлсанг, умуман олганда, имкониятинг бўлса, нега энди ёрдам бермаслигинг керак?», — деди ҳоким.

Элбек Шукуров интервью давомида, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шахсий ва ишбилармонлик хусусиятлари, Сергели туманига ҳоким этиб тайинланиши ва контейнерга кўчиб ўтиш нияти йўқлиги ҳақида гапириб ўтган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар