Наманганда икки нафар фарзандини Сирдарё дарёсига ташламоқчи бўлган аёл тўхтатилди, дея хабар қилмоқда Миллий гвардия матбуот хизмати.
Хабарга кўра, 28 март куни соат 09:30 ларда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшовчи 42 ёшли аёл икки нафар (6 ва 3 ёшдаги) фарзандларини дарёга ташламоқчи бўлган.
Фуқаро А.Ш. Мингбулоқ туманидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси устида жойлашган кўприкдан болаларини сувга ташламоқчи бўлган вақтда ушбу ҳудудда хизмат ўтаётган Қўриқлаш бошқармаси 2-алоҳида отряд ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.
Ҳолат бўйича Тўрақўрғон туман ИИБ, туман ҳокимият вакиллари ва оила аъзоларига хабар берилган. Ҳозирда туман ИИБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Бундан аввал Ширин шаҳар ҳокимлиги «ҳаётдан чарчаб», икки боласини каналга оқизиб юбормоқчи бўлган аёл воқеаси бўйича изоҳ бергани, Навоийда 31 ёшли аёл ўзи ва уч нафар қизининг жонига суиқасд қилгани ва унинг эри доимий равишда аёлга ўғил фарзанд туғмагани учун ҳақоратлаб келгани бунга сабаб бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)