Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Кўпчилик пневмонияни ўпкаларнинг яллиғланиши деб билади. Бир ёки ҳар икки ўпкада инфекция ривожланиши билан намоён бўладиган пневмонияни аксарият ҳолларда бактериялар келтириб чиқаради. Аммо коронавирусдагидек баъзида вирус билан ҳам алоқадор бўлиши мумкин. Одамда сурункали касаллик ёки махсус даволаш сабаб микрофлора бузилган бўлса, замбуруғли пневмония ҳам ривожланиши мумкин.

Фото: Freepik

Фото: Freepik

Шифокорлар пневмонияни қандай аниқлайди?

Одатда беморлар юқори ҳарорат, йўтал ва нафас қисиши каби шикоят билан шифокорга мурожаат қилади. Бундай вақтда уйда ўзбошимчалик билан даволаниш ярамайди, аҳволингиз қандайлигига шифокор баҳо бергани ва зарур чораларни кўргани яхши.

Шифокор қандай текширувларни амалга оширади?

  • Ҳарорат, қон босими ва пулсни текширади.
  • Қондаги кислород миқдорини текширади (миқдорнинг камлиги қўшимча кислородга эҳтиёжлигини билдиради).
  • Ўпкалар стетоскоп ёрдамида эшитилади.
Шифокорлар нафас олганда ғичирлаш ва турли шовқинлар бор-йўқлигига қизиқади. Маълум товуш чиқариш сўралганда ҳайрон қолманг, чунки ўпкага сув йиғилган бўлса, товуш стетоскопда бошқача эшитилиши мумкин.

Ташхис қўйиш учун қандай таҳлиллар керак бўлади?

  • умумий қон таҳлили;
  • умумий сийдик таҳлили;
  • балғам таҳлили.
Умумий қон таҳлили

Умумий қон таҳлили натижаларига биноан шифокорлар яллиғланиш ёки инфекция бор ёки йўқлиги ва организмнинг жавоб реакцияси қандай эканлигини билиши мумкин. Шунга қарамай, қон таҳлилининг ўзи билан аниқ пневмония ташхисини қўйиб бўлмайди.

Прокалситонин таҳлили

Прокалситонин бу ҳужайралар томонидан токсинга жавобан ишлаб чиқариладиган оқсил ҳисобланади. Унинг миқдори ҳам қон таҳлили орқали аниқланади. Бактериал инфекцияда прокалситонин кўрсаткичи яллиғланиш жараёни бошланганидан 4 соат ўтибоқ, 12-48 соатда эса яққол ўзгаради. Бу таҳлил аниқ бактерияни кўрсатмайди, аммо пневмонияни антибиотиклар билан даволаш мумкинлигини билдиради.

Балғам таҳлили

Балғам орқали бактериал инфекцияни аниқлаш мумкин бўлади, аммо беморда фақат қуруқ йўтал кузатиладиган бўлса, керакли ва сифатли балғам олиш қийин кечади. Оқибатда эса таҳлил натижаси нафас йўлларида доимий яшайдиган бактерияларни кўрсатади. Намунани антибиотик билан даволашдан аввалроқ олиш керак. Бунда бемордан йўталиш сўралади. Агар бу қийинчилик келтириб чиқарса, шифокор кичик камераси бор зонддан фойдаланишига тўғри келади. Сифатли балғам лейкоцитлар, оқ қон таначаларининг бир қанча миқдорини ҳамда бироз эпителиал ҳужайраларни кўрсатади.

Антигенларни аниқлаш учун сийдик таҳлили

S. pneumoniae ва Legionella келтириб чиқарган бактериал пневмония оғир кечиши ва жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Ушбу бактерияларга қарши антигенларни пешоб орқали аниқласа бўлади. Бундай таҳлилнинг яна бир афзаллиги шундаки, антибиотиклар билан даволаш ҳам натижани аниқлашга таъсир қилмайди. Камчилиги эса сийдик таҳлили орқали айнан қайси антибиотик яхши самара беришини билиб бўлмайди.

Серологик таҳлил

Мазкур қон таҳлили орқали зарарланиш ва агар шундай бўлса, қачонлигини билса бўлади. Серология маълум патогенга қарши шаклланган антитанача миқдорини ўлчайди. IgM антитанаси янги инфекция борлигини IgG антитанаси эса аввалроқ зарарланганингизни билдиради.

Кўкрак қафаси рентгенограммаси

Ушбу текшириш орқали инфильтрат кўрсаткичи — ўпка тўқимасида йиринг, қон ёки оқсил тўпланганини, шунингдек, ўпка билан боғлиқ бошқа касалликларни ҳам аниқласа бўлади. Аммо кўп ҳолларда рентгенологик текширувнинг ўзи билан бактериал ва вирусли инфекцияни фарқлаб бўлмайди.

Компьютер томографияси

Рентгенда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаса, аммо шифокор иккиланадиган бўлса, компьютер диагностикасидан фойдаланиш мумкин. Компьютер томографияси ташхис қўйишга рентгендан кўра кўпроқ ёрдам беради.

Асосийси, бундай вазиятда ўзини ўзи даволаш билан чекланмаслик, бееътибор бўлмасдан, даволанишни охиригача олиб бориш ҳамда ўзини яхши ҳис қилган тақдирда ҳам, шифокор кўригидан ўтиб туриш керак.

Изоҳ
Асосий янгиликлар