Ўзбекистон давлат консерваториясида дарслар 26 мартдан 8 апрелга қадар (14 кун) масофавий шаклга ўтказилади. Бу ҳақда консерватория ректорининг Telegram’даги расмий каналида маълум қилинди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, консерваториянинг 4 нафар профессор-ўқитувчисида ҳамда 1 нафар талабада COVID-19 касаллиги аниқланди. Айни вақтда беморлар ўз уйларида шифокорлар назорати остида даволанмоқда.

«ЎзДКда ўқув жараёнини масофавий шаклда ташкил этиш бўйича зарурий шароитлар яратилган бўлиб, дарс жараёнлари zoom видеоалоқа дастури орқали белгиланган дарс жадвали асосида ўтилади», — дейилади хабарда.

Бундан аввал коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкент молия институтида ўқиш масофавий шаклга ўтказилгани, Тошкент транспорт университети талабасида коронавирус аниқлангани сабаб факультет талабалари масофавий таълимга ўтказилгани, Тошкентдаги Инҳа университети талабасида коронавирус аниқлангани сабаб икки ҳафта карантинга ёпилгани, ҳамда 117-сонли боғчада икки нафар тарбиячи ва болаларда коронавирус аниқлангани сабаб мазкур боғча вақтинча ёпилгани ҳақида хабар берилганди.