Тошкент шаҳри самбо бўйича 2021 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Бу ҳақида Москва шаҳрида ўтказилган Халқаро самбо федерацияси Ижроқўм йиғилишида қарор қабул қилинди, дея маълум қилмоқда Миллий Олимпия қўмитаси.
Самбо бўйича йилнинг энг муҳим мусобақаси 12—14 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилади.
Маълумот учун, аслида мазкур мусобақа мезбонлиги Россиянинг Москва шаҳрига берилганди. Бироқ Спорт арбитраж суди (CAS) қарори билан Россия икки йил давомида Жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларини ўтказишга даъвогарлик қила олмаслиги белгиланди. Шу сабаб Халқаро самбо федерацияси (FIAS) ва Россия самбо федерацияси ушбу мусобақани бошқа мамлакатда ўтказиш қарорига келган.
Ўзбекистон самбо ассоциацияси мусобақани ўзида ўтказиш бўйича таклиф билан чиққан. Халқаро самбо федерацияси (FIAS) эса мазкур таклифга ижобий жавоб қайтарган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойида самбо бўйича Осиё чемпионати—2021 мусобақаси ҳам Тошкентда ўтказилади.
Шу тариқа Тошкент шаҳри 2021 йилда самбо бўйича икки йирик мусобақага мезбонлик қилади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)