«Дарё» муҳокамаларга сабаб бўлаётган янги таҳрирдаги лотин алифбоси ҳақидаги фикрларини билиш мақсадида ушбу мавзу билан шуғулланиб келаётган мутахассис, тарих фанлари доктори Фарҳод Мақсудовга мурожаат қилди. Қуйида унинг фикрларини тақдим қиламиз.
2021 йилнинг 13 март куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига умумхалқ муҳокамаси учун икки ҳафталик муддатга қўйилган Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси жамиятимиз тақдири учун қайғурган барча юртдошлар ўртасида қизғин тортишувларга сабаб бўлиб, бугунги кунда тил ва ёзувнинг ижтимоий турмушимизда қанчалик муҳим мавзу бўлганини кўрсатади. Бу – миллий алифбомизни яратишда олдга ташланган йирик бир одим, шунинг учун бу ташаббусни тўлиқ қўллайман. Шу билан бирга, ўз тажрибамдан келиб чиқиб, миллий алифбомизни такомиллаштириш йўлида нималарни билишимиз кераклиги бўйича фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман.
Алифбонинг биринчи қоидаси – «бир товушга бир ҳарф бўлиши керак»
Янги таҳрирда тақдим этилаётган лотин алифбоси бугунги кунда қўлланилаётган алифбога қараганда анча қулайлиги билан ажралиб туришини айтиб ўтиш керак. Гап шундаки, 1993 йилда қабул қилинган ва бугунгача ишлатиб келаётган алифбомизда диграфлар (бир товушни икки ҳарф бирикмаси билан ифода қилиш – ch, sh) ҳамда апострофли ҳарфлар (бир товушни бир ҳарф ва апостроф бирикмаси билан ифода қилиш – g‘, o‘) кўплаб орфографик ва фонетик ноқулайликлар туғдиради. Сабаби, бугунгача ишлатиб келинаётган алифбомиз «бир товуш учун бир ҳарф» деган биринчи олтин қоидага риоя қилинмаган ҳолда тузилган. Янги таҳрирда бу муаммо ечилган бўлиб, эндиликда ch ўрнига ç, sh ўрнига ş, g‘ ўрнига ğ, o‘ ўрнига õ каби ҳарфлардан фойдаланиш таклиф этилмоқда.Алифбонинг иккинчи қоидаси – «эшитилгани каби ёзилади»
Миллий маданиятнинг даврлар ўтиши билан одим-одим ўзгариб бориши каби тил ҳам бир ерда қотиб қолмай эврилиб боради. Жамият ижтимоий-иқтисодий турмушидаги ўзгаришлар тилга ҳам ўз таъсирини ўтказади, натижада тилда янги сўзлар юзага келиб, айрим эски сўзлар фойдаланишдан чиқиб боради. Худди шу сингари тилдаги айрим товушларнинг қўлланилишида ўзгаришлар содир бўлади. Бу ерда сўз h ва x ундош товушлари тўғрисида кетмоқда. Ўрта асрларда ўзбек тилига араб ва форс тилларидан кўплаб сўзлар кириб келган бўлиб, буларнинг таъсирида алифбомизга «h-х» товушининг ҳатто учта тури жорий қилинган. Ўрта асрларда зиёлилари учун араб ва форс тилларидан кириб келган сўзларни асл шаклида талаффуз этиш ўзига хос «маълумотлилик» белгиси бўлган. Бу ҳодиса «форинизм» деб аталади ва бир тилдаги четдан кириб келган сўзларни асл шаклида талаффуз этилишини англатади. Тилшунослар форинизмнинг одатда бир тил миллий товуш тизимининг бузилишида ўрни борлигини таъкидлайдилар.Бугунги кунда юртимиз аҳолисининг саводхонлиги ўта юқори кўрсаткичга эга бўлишига қарамай, кўпчилик h ва х товушларининг фарқига бормаслиги яққол кўзга ташланади. Ҳатто ўзбек тили ва адабиёти соҳасида олий таълим олган талабаларда ҳам бу ҳолни учратиш қийин эмас. Бироқ буни мен нуқсон, хато ё камчилик ўлароқ кўрмайман, чунки бу ҳол алифбонинг «эшитилгани каби ёзилади» деган иккинчи олтин қоидасига зид келади. Аҳолининг кўпчилиги х ва ҳ товушларининг фарқига бормаса, имловий хатосиз ёзишнинг ягона йўли бу ҳарфларнинг ишлатилишини ёдлашдан иборат бўлади. Ўз алифбомизни таҳрирлаш ўз қўлимизда бўлса, унда нега ўзимизга муаммо туғдиришимиз керак? Нега тўғри ёзилиш имлосини билиш учун юзлаб сўзнинг ёзилишини ёдлашимиз керак? Янги алифбодан «Хх» («икс») ҳарфини чиқариб ташлаб, h ва х товушлари учун «Hh» ҳарфини қўллаш билан тилимизнинг миллий товуш тизимига зарар бермаган ҳолда имловий саводхонликни орттириб, ортиқча ноқулайликларни енгиш йўлида яна бир одим олдинга чиққан бўламиз деб ўйлайман. Худди шу қоида билан олдинги «айириш белгиси»ни ифода этган тутуқ белгисини (‘) янги алифбодан бутунлай чиқариб ташлаш керак ва ўзбек миллий товуш тизимига зид бўлган «Цц» товушини унутиш керак деган тушунчадаман.
Алифбонинг учинчи қоидаси – «биринчи ўзбек лотин ёзуви бўлган яналиф негизида шаклланиши керак»
1993 йилда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунда лотин ёзувига ўтиш «...ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929-1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларини инобатга олган ҳолда республиканинг ҳар тарафлама камол топишини ва жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишга хизмат қилади» деган ғоя билан қабул қилинган эди.Бугунги кунда ўзбек жамияти буюк ўзгаришлар бўсағасида турганини ҳисобга олсак, ҳар отилган одимнинг нақадар муҳимлигини кўрамиз. Ўзбек халқи ва тили тарихий келиб чиқишига кўра, Евросиёнинг кенг майдонларида шаклланган умумий туркий цивилизациянинг ажралмас бир бўлаги саналади. Ўзбек тилининг лингвистик таснифларда туркий тилнинг қарлуқ тармоғига тегишли бир тил экани, шу билан бирга, бошқа туркий тиллардан фарқли ўлароқ ўзида ҳам ўғуз, ҳам қипчоқ тармоқларининг хусусиятларини мужассам этгани таъкидланади. Совет тузуми остидаги барча туркий халқларнинг зиёлилари ва шу жумладан, ўзбек жадидчилари 1920 йилдаёқ ўзбек ва бошқа қардош туркий тилларнинг унификациялаштирилган (бирлаштирилган) умумтуркий лотин алифбосига ўтиш лойиҳаси устида ишлаб келишган. 1921 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ўлкаси Имло йиғилишида ҳам ўзбек тилини лотинчалаштириш масаласи кўтарилган эди. 1926 йилда Боку шаҳрида биринчи туркология йиғинида Совет Иттифоқида яшаган барча туркий халқларнинг лотин графикаси негизида янги алифбо – Яналифга ўтиш ғояси тасдиқланган. Буни амалга ошириш учун Ўзбекистонда Янги алифбо қўмитаси (ЯҚ) ташкил этилган. Ўшанда оммавий ахборот воситаларида, йиғилиш ва анжуманларда янги алифбонинг турли лойиҳалари бўйича қизғин тортишувлар бўлиб ўтганди. Ўзбек ёзувида «унли товушлар уйғунлиги» (сингармонизм) ҳодисаси энг кўп муҳокамага тортилиб, оқибатда сингармонизмни ифода этиш кераклиги тўғри деб топилган; бунинг учун барча унли товушлар «қалин» ва «ингичка» дея жуфт-жуфт шаклда киритилган эди: a-ə, o-ө, u-y, i-, e. Бу масалада бугунги кунда ҳам янги илмий тортишувларга очиқ бўлишимиз керак деб ўйлайман.
1929 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Имло анжуманида лотин ёзувига асосланган 34 ҳарфли янги ўзбек алифбоси – Яналиф умумтуркий алифбоси тасдиқланган. Бу ёзув 1940 йилда ёппасига кириллчалаштириш сиёсати давригача амалда бўлиб, тилимизнинг миллий товуш тизимини тўлиқ акс эттирган эди. Бундан ташқари, Совет Иттифоқидаги барча туркий халқлар Яналифни ўз миллий алифбоси деб қабул қилган. Туркияда ҳам айнан ўша йилларда лотин алифбосига ўтиш масаласи кўрила бошлаб, 1928 йилда янги лотин ёзуви қабул қилинган. Яналиф ва Туркия лотин алифболари бир-бирига ўта ўхшашлиги кўзга ташланарди. Чунки туркиялик ислоҳотчилар Совет Иттифоқи туркий халқлари томонидан 1926 йилда яратилган лотин ёзуви асосидаги янги алифбонинг қабул қилинишидан кучли маънавий дастак олган эдилар. Бу ҳақда бир неча изланувчи, жумладан, нидерландиялик тарихчи Эрик Зюркернинг «Туркия янги тарихи» асарида маълумот берилади. Демоқчи бўлганим шуки, бугунги кунда янги лотин алифбомизни юртимизда 1926-1940 йилларда амалда бўлган Яналиф лотин алифбоси негизида яратишни ёки бугунги кунда таклиф этилаётган таҳрирдаги ç, ş, ğ, õ ҳарфларининг жорий қилинишини айрим юртдошларимиз айтгандек «Туркия алифбосига ўхшатиш» деб талқин қилиш мутлақо асоссиздир. Худди шунингдек, бугунги кунда «j» товушини «Jj» ҳарфи билан эмас, «Cc» ҳарфи билан ифода этиш алифбомизни биринчи ўзбек лотин ёзуви бўлган Яналифга бирмунча ўхшатиш бўлади.
Янги таҳрирдаги лотин алифбоси версиясининг қабул қилиниши бир қарашда алифбо муаммойимизни узил-кесил ҳал қилишига ўхшаса-да, аслида масалага чуқурроқ киришилса бугунги алифбомизнинг тилимиздаги барча товушларни тўғри ифода этмаслиги кузатилади. Аждодларимизнинг ўтмишда бир неча ёзувлардан, жумладан Ўрхун (VI-Х асрлар), суғд-уйғур (VIII-ХВИИ асрлар), араб (XI-ХХ асрлар), Яналиф лотин (1929-1940йй.), кирилл (1940-1992йй.) ва янги лотин (1993 йилдан буён) алифболаридан фойдаланганини биламиз. Булар ичида ўзбек тилининг миллий товуш тизимига зарба берган ёзув – кирилл имлоси саналади, чунки 1940 йилда жорий қилинган рус алифбоси негизида тузилган ўзбек кириллчасида «Оо» ҳарфи олдинги Яналиф лотинчасидаги «юмалоқ а» товушини ифодалайдиган бўлиб қолган. Бу товуш «o‘» эмас, «а» товушининг аллофони («а» товушининг бир варианти) бўлгани учун уни ифода этишда «Аа» ҳарфига бир диакритик белги қўйилса кифоя қиларди, бироқ негадир кириллчамизда бунинг ўрнига «Оо» ҳарфининг ишлатилиши маъқул кўрилган. Натижада, 1940 йилгача Яналиф лотинчасида ўзбек тилида муаммосиз «Таşkent» шаклида ёзиб келинган сўз эндиликда кириллчада «Тошкент» шаклига айланган. Шунингдек, ўзбекча «Buxara» эндиликда «Бухоро» шаклида, «аta-babalar» эса «ота-боболар» шаклида ёзила бошлаган. Ҳолбуки, ҳатто халқаро стандарт лотин алифбоси (ISO Basic Latin Alphabet) va xalqaro fonetik alifboda (International Phonetic Alphabet - IPA) «Оо» ҳарфи «o‘tirmoq», «o‘sha», «o‘rin» каби сўзлардаги «o‘» товушини ифода этади.
1940 йилда кирилл алифбоси билан бирга жорий қилинган ва 1993 йилда янги лотин алифбосига кўр-кўрона кўчирилган ушбу янглишлик натижасида ўзбек ёзуви ҳатто халқаро сўзларни ёзишда бошқа тиллардан тубдан фарқ қила бошлаган. Бу эса ўзбек тилини ўрганмоқчи ва ўзбекчадаги сўзларни талаффуз қилмоқчи бўлган чет элликларни доим янглиш талаффуз қилишга олиб келган, чунки аслида Toshkent сўзидаги «о» товуши «o‘» товушига эмас, балки «а» товушига яқин, айтиб ўтганимиздек, унинг варианти холос. «Тоshkent», «Buxoro», «оta-bobolar» каби сўзлардаги «о» товуши ҳатто эски ўзбек имлосида «вов» эмас, «алиф» билан ифода этилганди. Шунинг учун бу тарихий янглишликни тузатиш ва ўзбек ёзувини стандарт лотин алифбосига яқинлаштириш учун янги лотин алифбомиздаги «Оо» ҳарфини «Åå» шаклида ўзгартиришни, яъни «Аа» ҳарфи устига юмалоқ диакритик белги қўйиш билан ифода этишни таклиф қиламан. Шунда юқорида ўрнак учун олинган сўзлар «Тåşkent» (Тошкент), «Buhårå» (Бухоро), «åtа-båbålar» (ота-боболар) шаклида ёзилади ва халқаро ҳамда умумтуркий талаффуз стандартига тўғри келади. Замонавий информацион технологиялар даврида бундай диакритик белгили ҳарф киритиш катта муаммо туғдирмайди, чунки янги алифбо тасдиқланиши билан уни халқаро UNICOD тизимига киритиш учун мурожаат қилинади ва барча «ақлли» воситаларда «Ўзбек тили ва клавиатураси» жорий қилинади.
Хулоса ўрнида
Бугунги кунда қардош туркий халқлар (Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Туркия ва б.) миллий товуш тизимига асосланган янги лотин алифболарини қабул қилаётган бир даврда ўзбек жамияти бу масалада ХХ аср бошидаги фаоллигини, лидерлигини кўрсатиши керак. Лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосида миллий товуш тизимимизнинг акс этиши ўзбек матнларининг Евросиё қитъаси бўйлаб барча туркий халқлар томонидан осонликча ўқиб-тушунилишида, биз яратган интеллектуал ва маънавий маҳсулотнинг кенг ёйилишида, ўзбек тилининг кўплаб қардош халқлар томонидан ўрганилишида ва минтақада олдда келган жамият сифатида шаклланишимизда туб бурилиш яратади деб ўйлайман.Шунинг учун айрим юртдошларимиз томонидан «алифбомизга ўзгартиришлар киритиш кўплаб муаммолар туғдиради, биринчидан, ортиқча харажатлар нега керак, иккинчидан эса барча ўзбекистонликлар бугунгача ишлатиб келинаётган ўзбек лотин ёзувига ўрганиб қолган, бу ислоҳот умумий саводхонликка катта зарба беради» мазмунидаги қайта-қайта билдирилаётган фикрга қўшилиб бўлмайди. Тил ва ёзув масаласи – миллий маданият масаласи бўлгани учун у молиявий чиқимлар билан ўлчанмаслиги керак. Бир давлатнинг ўз мустақиллигини халқаро кўламда намойиш этиши учун миллий атрибутлар бўлган ўз Конституцияси, давлат байроғи, герби ва мадҳиясига сарфланаётган маблағлар аҳамиятсиз бўлганидек, миллий ёзувни ҳам такомиллаштиришга қилинадиган чиқимни ҳадеб эслатавериш ярамайди.
Мен тилни миллий маданиятимизни бугунги кундаги аёвсиз глобаллашув денгизида чўкиб кетишдан, бошқача айтганда, маданий ассимиляцияга учраб бошқа маданиятлар ичида эриб кетишидан асраб турган бир қутқарув қайиғига ўхшатаман. Қадриятларимиз миллий маданиятимизнинг ўзаги бўлиб, халқимиз томонидан яратилган буюмлар, тушунчалар, ғоялар ва муносабатларни ўз ичига олади. Бу таниқли сиёсий иқтисодчи Макс Вебернинг «қадриятлар инсоннинг хулқини белгилайди» деган сўзларига мос тушади. Бугун шиддат билан ўзгараётган жаҳонда қадриятларимизга таянган ҳолдагина миллий ўзлигимизни сақлаб қолишимиз мумкин. Мана шу ерда саҳнага миллий тил чиқиб келади, чунки тил миллий қадриятларни сақлаш ва келгуси авлодга етказиш воситасидир. Тил – миллий қадриятларни сўзли ўлароқ қайд этувчи, минг йиллар давомида ота-боболаримиз тўплаган ижтимоий кўникмаларни аждоддан авлодга етказиб берувчи ва тарихий чоғларни бир-бирига боғловчи унсурдир. Ҳар бир тил унда сўзлашувчи жамиятнинг маданий бирикмасини ўзига хос миллий товуш тизими негизида шаклланган алифбо ёрдамида ёзувга туширади. Шундай экан, тилимиз ва ёзувимизга алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади.
Бундан ташқари, ҳар қандай ислоҳот бугун ва келажак учун хизмат қилиши кераклигини унутмайлик. Бу масалада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21-октябрдаги «Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим»да сўзлаган нутқида: «Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дард-у армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир. Яқинда мамлакатимиз «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши»га аъзо бўлди. Бу ўз навбатида, нафақат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга, балки туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилининг халқаро мақомини юксалтиришга хизмат қилади», деб урғу бергани бежиз эмас. Ўзаро қардошлик алоқалари янада ривожланаётган бугунги кунда ёзувимизни умумтуркий миллий товуш тизими доирасида шакллантиришимиз керак. Бу йўналишда мустақиллигига янгигина эришган туркий давлатлар (Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Туркия) вакилларининг Истанбул Мармара университетида 1993 йилда бўлиб ўтган йиғилишида тасдиқланган ва Туркий давлатлар ҳамкорлиги кенгашида қабул қилинган 34 ҳарфли «Умумтуркий алифбо» биз учун йўл кўрсаткич бўлиб хизмат қилиши керак.
Умумтуркий алифбо (Бирлаштирилган туркий алифбо – БТА) ўзбек ва қардош туркий халқларнинг ХХ асрда қўлга киритган тажрибаси негизида шакллантирилган бўлиб, барча туркий халқларнинг миллий товуш тизимини энг тўғри шаклда ифодалаши жаҳоннинг кўплаб йирик тилшунос мутахассислари томонидан қайд этилган. Бугунги кунда бу алифбога ўтиш бирмунча имло қийинчиликларини вужудга келтирса-да, уни расман қабул қилиш энг тўғри йўл бўлади. Бундаги диакритик белгили ҳарфларни ишлатишни ўрганиш вақт олади, шунинг учун ўтиш даврида диакритик белгисиз ёзилишни ҳам тўғри вариант деб қабул қилиб турилса бўлади. Бу алифбога ўзбек тилининг минг йиллар давомида шаклланган нафис товуш тизимига мос тушади. У кескин ечим бўлиб туюлса-да, бир марта қабул қилингандан сўнг келажакда қўшимча ислоҳ қилишга эҳтиёж қолдирмайди. Буни бугунги кунда ҳар биримиз тўлалигича англамаслигимиз мумкин, бироқ келгуси авлодга ўзбек тилининг миллий товуш тизимини етказиб беришга мажбурмиз.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)