«Ўзбеккино» агентлиги Тошкентдаги Premier Hall кинотеатрини 5 йилга ижарага берди. Бу ҳақда E-аукцион маълумотларига таяниб, Spot хабар берди.

Фото: «E-auksion.uz»

Лотдан 1192,8 квадрат метрли кинозаллар, 600 квадрат метр майдонга эга ташқи реклама майдончаси, 230 квадрат метрли умумий овқатланиш ва 114 квадрат метрли чакана савдо ҳудудлари ўрин олган.

Ушбу кинотеатрдан фойдаланиш ҳуқуқи бир йили учун 768 миллион сўм миқдоридаги бошланғич нарх билан аукционга қўйилган. Аукцион якунларига кўра, Lucky Cinema Group МЧЖ 17,17 миллиард сўм билан ғолиб чиққан. Ундан кейинги рақобатчи — Invest Agreement Group МЧЖ 17,15 миллиард сўмни таклиф этган.

Кинотеатр бир қатор мажбуриятлар билан аукционга қўйилган — ғолиб 5 миллиард сўм инвестиция киритиши, 50 та янги иш ўрни яратиши, кинотеатрни модернизация қилиши керак (DSP, Dolby Atlas ва IMAX жорий этиши).

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси 2018—2019 йилларда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига кўра, Ўзбекистонда 2 йилда 49 та кинотеатр қурилиши, уларнинг 12 таси ёзги бўлиши лозимлиги белгиланган эди.