Исмоил Гаспринский ХХ аср бошларида нафақат Россия мусулмонлари, балки бутун Шарқда машҳур ва номи чиққан шахслардан бири эди. XIX аср охири ХХ аср бошларида кечган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ўртасида бўлган Гаспринский ҳаётлик вақтидаёқ «миллат отаси» деган ном олгани бежиз эмас. 21 март машҳур маърифатпарвар Исмоил Гаспринскийнинг таваллуд куни. Сана муносабати билан «Дарё» мутафаккир ҳаёти ва унинг Туркистонга саёҳати ҳақида баъзи лавҳаларни тақдим этади.
Буюк шахсларнинг ҳаёти бошқалар учун ибратли бўлаганлиги сабабли ҳам кўпроқ эътиборда бўлади. Гаспринскийнинг ҳам ҳаёт йўли, оиласи борасида ўнлаб асарлар, тадқиқотлар яратилган. Шундай бўлса-да, унинг ҳаётига доир айрим фактик чалкашликлар учраб туради.Исмоил Гаспринскийнинг отаси Мустафо 1810 йилда Қримнинг Гаспра қишлоғида дунёга келган. Исмоилбей ўзига отасининг туғилган жойига нисбат бериб Гаспринский деб тахаллус олгани ҳам шундан. Шу ўринда унинг нима учун Гаспринский деб тахаллус олганига бироз тўхталиб ўтиш лозим. Ўз вақтида унинг мухлис ва издошларини ҳам шу савол безовта қилган эди. Исмоилбей бу саволга «Таржимон» газетасига келган мактубга жавобида аниқлик киритиб ўтади. Хусусан, мактубда шундай дейилган эди: «Машҳур бир бойнинг уйида бўлган зиёфатда ‘Таржимон’ газетаси ҳақида анча гаплар бўлди. Шу ўринда муҳарирнинг исми Исмоил бўлса ҳам фамилияси нима учун Гаспринский экан, деган саволлар бўлди. Зиёфат давомида турли жавоблар айтилган бўлса ҳамки, бу масалага ойдинлик киритилмади. Жавобини муҳаррирдан эшитишга қарор қилинди». Гаспринский мактубдаги саволга шундай жавоб беради: «Қримда Гаспра номида бир қишлоқ бор, муҳаррирнинг отаси мана шу қишлоқдан. Шунинг учун ҳам қримча Гаспрали, сибирча Гаспрингий, сартча Гаспралик, арабча ал-Ғасфрий, русча ё Гаспров, ё Гаспринский дейилса жоиз. Масаланинг жавоби мана шу». Ҳозирги тадқиқотларда ҳам унинг исми турлича — Туркия ва Қримда Гаспрали, Америка, Европада ва хусусан бизда ҳам Гаспринский номи қўлланилиб келинмоқда.
Гаспринскийнинг бобоси Али Гаспра қишлоғининг улуғларидан бўлган. Шу сабабли ҳам Кавказ генерал-губернатори княз Воронцов-Дашков билан муносабати анча илиқ бўлган. Шундан бўлса керак княз Воронцов Алининг ўғли Мустафони ўз ҳимоясига олиб Одессадаги лицейга ўқишга жойлашишига кўмак беради. Мустафо ўқишини тамомлагандан сўнг княз Воронцов девонхонасида таржимон бўлиб ишлай бошлайди. Кейинчалик унинг қилган хизматлари инобатга олиниб, унга дворян мартабаси берилади. Аммо у дворян бўлишига қарамай моддий жиҳатдан анча қашшоқлашиб қолган ва ночорликдан қўлидаги бор ерларнинг анчаси қарзлардан қутулишга кетади. Мустафобей икки марта уйланади. Биринчи турмуш ўртоғи 1849 йили вафот этади ва шу йили у Қримнинг машҳур Қайтазовлар оиласига мансуб Фатма хонимга уйланади. Мустафонинг бу оиласидан икки ўғли ва тўрт қизи дунёга келади.
Исмоилбей оиладаги иккинчи ўғил бўлиб, 1851 йилнинг 21 мартида Овчикўй қишлоғида туғилди. У тўрт ёшга тўлганида оиласи Боғчасарой шаҳрига кўчиб ўтади ва у ерда жойлашиб қолади. Ёш Исмоил илк саводини Боғчасаройда, Зинжирли мадрасасида Ҳожи Исмоил деган муаллим қўлида чиқаради. Унинг бу таҳсили 10 ёшга тўлгунига қадар давом этади. Айрим тадқиқотларда унинг таҳсили мадрасада 7 йил давом этганлиги таъкидланса, баъзиларида эса Исмоилбейнинг мадрасадаги таҳсили жуда оз бўлиб, ҳатто она тилидан ҳам яхши савод олмаган, деган фикрлар айтилади. Лекин унинг она тилини (қрим-татар тили) яхши билмаслиги мумкин эмас. Ҳар ҳолда у 10 ёшига қадар оиласи бағрида бўлди ва маҳалла мактаби ҳамда мадрасада таҳсил олди. Бу борада профессор Явуз Акпинар Гаспринскийнинг усмонли турк маъмурлари билан бўлган муносабатларини таҳлил қилар экан, ўз она тилини мукаммал билмаган инсон юқори доираларда қандай муомала ишларини амалга ошириши мумкин, дейди ва унинг «она тилини яхши билмайди» ибораси «классик усмонли тили»га тегишли эканлигини таъкидлайди.
Исмоилбей 10 ёшга тўлганида отаси Мустафобей ўғлини Симферополдаги ҳарбий мактабга беради. Бу мактабда икки йил таҳсилдан кейин у Воронеж ҳарбий мактабига ва у ердан Москва ҳарбий билим юртига ўқишини кўчиртиради. Москва шаҳрида ёш Исмоил «Московские ведомости» газетасининг бош муҳаррири профессор Иван Катков оиласида истиқомат қилади. И.Катков ўз даврининг машҳур шахсларидан бири бўлганлигидан унинг уйига рус адабиётининг кўзга кўринган вакиллари тез-тез келиб турган. Исмоилбей ҳам ана шундай суҳбатларнинг кўп гувоҳи бўлган ва бу суҳбатлар унинг дунёқараши шаклланишига катта таъсир кўрсатган эди.
1868 йили 17 ёшга тўлган Гаспринский Москвадаги ўқишини ташлайди ва Боғчасаройга қайтиб келади. У Боғчасаройдаги машҳур Зинжирли мадрасасида рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлади. Исмоилбей мадрасада бир ярим йил ўқитувчилик қилган даврида шаҳар полицияси бошлиғи Шестовнинг шахсий кутубхонасидан кўп фойдаланганлиги айрим манбаларда қайд этилади. Шестовнинг кутубхонаси жуда бой бўлиб, айрим та’қиқланган китоблар ҳам сақланар эди. Бу китоблар ва даврий матбуотни доимий мутолаа қилган Гаспринскийнинг фикр доираси ва дунёқараши анча кенгайди. Гаспринский биографиясига оид асар битган Жаъфар Саидаҳмад Киримернинг ёзишича, Исмоилбей 1869 йили Ялтанинг Дерекўй қишлоғидаги мактабга муаллим этиб тайинланади ва Зинжирли мадрасасидаги фаолияти учун маориф мудирлигининг махсус ёрлиғи билан тақдирланади. Дерекўйдан 1871 йили яна Боғчасаройга қайтади ва Зинжирли мадрасасидаги фаолиятини давом эттиради. Киримернинг таъкидлашича, Гаспринский Зинжирли мадрасасида талабаларга ўз вазифасига кирмайдиган фанлардан сабоқ бериши, эскича ўқув методларини ўзгартиришга ҳаракат қилиши ва рус тили дарсларини кўпайтиришга интилиши сабабидан мударрисларнинг таъқибига учрайди. Мударрислар унга ҳатто ўлим билан таҳдид қилганларидан кейин Гаспринский мадрасадан кетишга мажбур бўлади.
Гаспринский Зинжирли мадрасасидан кетгандан сўнг чала қолган ўқишини тамомлаш ва французчасини мукаммаллаштириш мақсадида 1871 йили Вена, Мюнхен ва Штутгарт шаҳарлари орқали Парижга келади. Гаспринскийнинг Европадаги таҳсили борасида маълумот жуда кам. Лекин унинг Европага бўлган саёҳати кейинчалик эълон қилинган «Дор ур-Роҳат мусулмонлари», «Фарангистон мактублари», «Европа маданиятига бир назари мувозана» каби асарларида жуда кенг акс этганлигини ва унинг дунёқарашига чуқур таъсир ўтказганлигини кўриш мумкин. Америкалик олим Александр Бенингсеннинг таъкидлашича, Гаспринский 1871 йили Қримдан чиқиб Парижга борган ва у ерда француз либерал ва социалистлари билан яқиндан танишган ҳамда социализм тўғрисида танқидий асар ёзган илк мусулмон сиёсатчиси сифатида шаклланди.
Бир қанча манбаларда таъкидланишича, Гаспринский Парижда буюк рус ёзувчиси И.Тургеневга котиблик қилган, унинг қораламаларини оққа кўчирган. Лекин ҳеч бир манбада бунга асос бўладиган далил ёки манба келтирилмайди. Шунингдек, у француз тилини бироз мукаммал эгаллагандан кейин реклама агентлигида таржимон бўлиб ҳам ишлайди. Гаспринский Парижда ўқиб юрган вақтлари Европанинг бошқа шаҳарларига борганлиги ҳақида бирор-бир маълумот йўқ. Шундай бўлса-да, унинг «Дор ур-Роҳат мусулмонлари», «Европа маданиятига бир назари мувозана» асарларида келтирилган фикрлар Гаспринскийнинг Англия, Испания ва Португалияда ҳам бўлганлигини кўрсатади.
1874 йили Гаспринский Париждан Истанбулга келади ва у ерда амакисининг уйида бир йил қолиб кетади. Явуз Акпинарнинг таъкидлашича, Гаспринскийнинг матбуотга чиқиши айнан Истанбулда бошланган. У Москва ва Петербургда нашр бўладиган айрим рус газеталарига Истанбул ва Усмонли давлати ҳаёти ҳақида «ярим хаёлий мактублар» юбориб турган. Рус олими Л.Климович эса Гаспринский Парижда эканлиги вақтида ҳам айрим рус газеталарининг мухбири бўлганлигини ёзади ва Франциядан Жазоир, Тунис, Миср ва Греция орқали Қримга қайтиб келганини таъкидлайди. Лекин шу вақтга қадар Гаспринский қайси рус газеталари учун мақолалар юборгани ҳамда уларнинг мазмуни борасида тадқиқотлар олиб борилмаган ва ҳеч бир маълумот йўқ.
Шу ўринда Гаспринскийнинг Истанбулда бир йил қолиб кетганига келсак. Гаспринскийнинг Истанбулдаги амакиси Халил афанди «Жаридаи Аскария» газетасида таржимон бўлиб хизмат қилган. Исмоилбейнинг Истанбулга келишдан асосий мақсади, Явуз Акпинарнинг таъкидлашича, Усмонли армия хизматига кириш эди. Унинг энг яқин сафдошларидан бири бўлган Юсуф Оқчуранинг ёзишига қараганда, Гаспринский Истанбулдаги ҳарбий мактабга рус тили ўқитувчиси бўлиб ишга жойлашиш учун мурожаат қилади ва мақсадига эришишга жуда яқин эди. Аммо Заки Валидий Тўғоннинг аниқлашича, бу ишдан хабар топган Россия элчиси Игнатьев ўз вазифасидан истифода қилган ҳолда турк ҳукуматидан бунга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантиради. «Аслида, ёзади Явуз Акпинар, Гаспринский Парижга француз тилини мукаммаллаштириш учун бориши ҳам Усмонли армияси зобити бўлиш истагининг кучлилигидан эди».
Гаспринский 1875 йили Қримга қайтгандан сўнг кейинги икки йил давомида Ялтадаги бир кичик мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Бу орада у биринчи марта уйланади. Гаспринскийнинг қизи Шафиқа Гаспринская бу ҳақда шундай эслайди: «Отам Ялтада муаллимлик қилар экан у ердаги бир савдогар қизи бўлган Самур хонимга уйланади. Замонага мувофиқ таҳсил кўрмаган, ташқи дунёдан бехабар уй ичида улғайган бир қиз экан. Отам у билан икки йил турмуш қуриб Ҳадича исмли бир қиз кўрган (ҳозирда ҳаётми йўқми билмайман, аммо бутун оиласи билан Туркистонга сургун қилинганлар орасида эканлигидан хабаримиз бор). Холаларимнинг айтишларига қараганда, уйимизнинг шароитига яхши кўника олмаган ва муҳитига у қадар мослаша олмаган экан. Отам билан ҳар ҳолда келиша олмаганликлари сабабли ажрашишган.»
Гаспринскийнинг қизи отаси уйланган йилни ва вақтни аниқ кўрсатмайди. Шунга қарамай Явуз Акпинар Гаспринскийнинг яқин сафдошларидан бири Ҳасан Сабри Айвазовнинг айрим мақолалардаги сўзларига таянган ҳолда бу санани 1876 йил деб кўрсатади. 1878 йили Гаспринский Самур хоним билан ажрашгандан сўнг ўқитувчилик ишидан бироз четлашиб ўзини сиёсат ва ноширлик ишига уради.
1876 йили Гаспринский биринчи марта ўз номзодини Боғчасарой шаҳар Думаси депутатлигига номзод қилиб кўрсатади. Бу сайловда у олган овозлар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. У вақтдаги қонунлар сайловда юқори натижа олган аммо сайланмаган номзодга катта имтиёз берар эди. Шу сабабдан ҳам украиналик олим Виктор Ганкевичнинг аниқлашича, у 1878 йили март ойида вафот этган бир депутат ўрнига шаҳар Думаси депутатлигига сайланади. Орадан бир ой вақт ўтиб Гаспринский ўз номзодини эълон қилинган шаҳар ҳокими сайловига қўяди. Сайловда Гаспринский овозлар бўйича тўртинчи ўринни эгаллади. 1878 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган шаҳар ҳокими ўринбосари сайловида Гаспринский ғолиб чиқади ва шаҳар ҳокимлигининг Ёзув ишларини бошқариш ва кузатиш бўлимига бошлиқ этиб тайинланади. В.Ганкевичнинг таъкидлашича, шаҳар ҳокими ўзининг савдо ишлари билан банд бўлиб шаҳар ишларига кўп вақт ажрата олмаганлиги сабабли 1879 йил февраль ойида қайта сайлов ўтказилади ва Исмоил Гаспринский Боғчасарой шаҳар ҳокими этиб сайланади. Бу лавозимда у 1884 йил март ойига қадар фаолият олиб боради.
Айни вақтда Гаспринский Тифлисда, ака-ука Унсизодалар тарафидан нашр қилинаётган «Зиёи Кафказия» газетасида Россия ҳудудида истиқомат қилаётган мусулмон миллати ўз муаммоларини муҳокама қилиш имкониятини берувчи миллий матбуот органига эга бўлиши кераклиги ҳақида мақола беради. Гаспринский матбуотни «миллатнинг тили» ва у орқалигина миллат ўзини ҳимоя қила олиши мумкинлигига урғу беради ва «қисқасини айтганда, ўз матбуоти ва адабиётига эга бўлмаган миллат кўр ва соқов одамга ўхшайди», деб ёзади.
Исмоил Гаспринский 1879 йилдан бошлаб газета ташкил қилиш ҳаракатига тушди. Лекин унинг барча сўровномалари давлат идоралари тарафидан жавобсиз қолдирилди ёки рад жавоби берилди. Туркистон вилоятининг сўнгги генерал-губернатори генерал А.Н.Куропаткин (1848-1925) 1917 йили ўз хотираномасида ёзганидек, «сўнгги 50 йил давомида биз [ruslar] маҳаллий халқларни тараққиёт, мактаб ва рус ҳаётидан узоқроқ тутдик». Вилоятлардаги рус маъмуриятлари «ғайри рус» бўлган маҳаллий миллатларга оид деярли барча нарсаларни инкор қилиш сиёсатини олиб борди. Шу сиёсат доирасида улар маҳаллий тилларда газеталар, ҳатто улар давлат сиёсатини қўллаб-қувватловчи дастур асосида бўлса ҳам нашр қилинишига ижозат бермади.
Гаспринский 1879 йил 20 ноябрда Россия Ички ишлар вазири Л.Маков (1830-1883) номига татар тилида ҳафталик «Файдали эгленже» («Фойдали маълумот») номида газета ёки журнал чиқариш учун рухсат сўраб мактуб йўллайди. У ёзган мактубида «Зиёи Кафказия» газетасидаги мақоласида билдирилган фикрларни янада кенгроқ тушунтиришга ҳаракат қилади. Унинг бу талабномаси вазир тарафидан рад этилди. Шундан сўнг Гаспринский «Мактаб» номида бир газета чиқариш учун мурожаат қилади. Унинг бу сафарги мурожаати ҳам вазирлик тарафидан салбий қарши олинди. Орадан 15 йил ўтиб Гаспринский ушбу «Мактаб» газетасини «Таржимон»нинг 1897 йил 42-сонидан бошлаб унга илова сифатида нашрини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. «Мактаб» газета ўқувчиларни содда ва қисқа илмий маълумот ва кичик ҳикоялар билан таништириб борди. Ушбу иловада нашр этилган маълумотлар Гаспринскийнинг усули жадид мактаблари учун мўлжалланган «Хожаи Сибён» дарслик китобининг кейинги тўлдирилган нашрларидан ўрин олди. 1880 йилнинг охирларида Гаспринский Ички ишлар вазирига яна бошқа бир ариза билан мурожаат қилади ва «Қонун» номида ахборот ва адабий варақа чиқариш учун рухсат сўради. Бу сафар вазирлик амалдорлари варақани цензура қилиш учун Симферополда цензура органнинг бирор ходими йўқлигини важ қилиб, уни чиқаришга яна рухсат бермади.
Гаспринский узоқ уринишлар ва ҳаракатлар натижасида 1881 йили «Тўнғич» ва «Шафақ» номида икки кичик варақа чиқаришга муваффақ бўлди. Гаспринский бу кичик газеталарни чоп қилиб тарқатар экан, унинг асосий мақсади мусулмонлар она тилларидаги бу газеталарни қандай қабул қилиши ва диндан ташқарида бўлган масалалар муҳокамасига не даражада эътибор қаратишини ўрганишдан иборат эди. «Тўнғич»нинг биринчи нашри сифати ўта ёмон чиққанидан Гаспринский уни қайтадан иккинчи марта нашр қилишга мажбур бўлади. Ушбу газета Қримдан ташқари Волгабўйи мусулмонлари орасида ҳам тарқалди ва аҳоли тарафидан яхши қабул қилинди. Шундан сўнг «Шафақ» «Тўнғич»нинг давоми сифатида дунё юзини кўрди. Иккала варақа ҳам Тифлисдаги ака-ука Унсизодалар босмахонасида чоп этилди. Чунки бу вақтга қадар Гаспринскийнинг типографик ускуна сотиб олиш учун берган аризасига жавоб чиқмаган эди.
Гаспринский ўз газета-варақаларини нашр қилар экан, биринчи ўринда ўқувчи ва обуначи масаласини ҳал қилиши керак эди. 1881 йилнинг август ойида у Бутунроссиядан мусулмон савдогарлар ва ишлаб чиқарувчилар йиғиладиган Нижний Новгород кўргазма-бозорига борди. Бу кўргазма-бозорда туркистонлик савдогарлар ҳам иштирок этишган. Ўз сафари давомида Гаспринский кўп савдогарлар билан миллий таълим ва матбуот борасида музокаралар олиб боради ва издошлар топишга муваффақ бўлади. Музокаралар натижасида ушбу савдогарлар почта орқали юбориладиган газета сонларини ўзлари истиқомат қиладиган вилоятларда тарқатишни ўз зиммаларига олдилар. Гаспринский Нижний Новгороддан Боғчасаройга 250 обуначи рўйхати билан қайтиб келди. Бу обуначилар кейинроқ «Таржимон» газетасининг биринчи ўқувчилари ҳам бўлдилар.
1882 йилнинг ўрталаридан бошлаб Гаспринский доимий равишда нашр қилинадиган газета учун рухсат олишга қаттиқ киришади. Айни вақтнинг ўзида у икки ёзма асар – «Солномаи Туркий» ва «Миръоти жадид»ни нашрдан чиқарди. «Солномаи Туркий» алманах услубида ёзилган эди. Гаспринский ушбу асарни ёзишда рус, турк ва француз тилларида чоп бўлган турли статистик, географик асарлардан, алманахлардан фойдаланди. «Солномаи Туркий»нинг мундарижаси кенг қамровли бўлиб, тарих, география, замонавий ҳодиса ва воқеалар, турли давлатлар таълим тизими, матбуоти ва бошқа мавзуларни ўз ичига олди. «Миръоти жадид» эса 14 бетлик брошюра бўлиб, турли ҳайвонлар, ҳаж зиёратига бориладиган йўл, чой етиштирилиши, қисқача Истанбул тарихи ҳақида маълумотлардан ва уларга боғлиқ бўлган расмлардан иборат. Бу икки асардан кўзланган мақсад мусулмон аҳолига теварак-атрофлари ҳақида маълумот бериш эди.
Бир йил давом этган ҳаракат натижасида Исмоил Гаспринский 1883 йил 10 апрелда «Таржимон» газетасининг биринчи сонини босмадан чиқарди. Гаспринский «Таржимон»нинг биринчи уч йили давомида унинг мундарижаси ва рукнларини кенгайтириш ва тўлдириш мақсадида ҳукумат идораларига 7 марта мурожаат қилади ва ҳар сафар ижобий жавоб олади.
«Таржимон» газетаси чиқа бошлаганидан бошлаб 20 йил давомида Россия империясидаги ягона мусулмон матбуоти бўлиб қолди. Бу давр мобайнида газета ҳафтасига 1-2 марта кичик ҳажмда нашр бўлди. Лекин бу кичик газетанинг туркий миллатларга кўрсатган таъсири жуда катта эди. «Таржимон»нинг таъсири остида Россия империясининг турли бурчакларида мусулмонлар тарафидан кўп сонли янги мактаблар очилди, кўплаб хайрия жамиятлари ташкил этилди, янги адабиёт шаклланди. Гаспринский жуда моҳир сўз устаси эди. У жумлаларни содда, қисқа ва лўнда ифодаловчи услуб қўллади; «Таржимон»нинг «ўрта» тилини яратди. Гаспринский бутун туркий миллатларни «Таржимон»нинг ягона адабий тили остида бирлаштиришни орзу қилди. Бунинг учун умрининг охирига қадар «Тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори остида курашди.
Исмоил Гаспринский «Таржимон»да Туркистон учун алоҳида эътибор қаратди. Газетанинг биринчи йилларида фақат расмий газеталардан олинган хабар ва уларга ўзи ёзган шарҳлар билан чегараланган бўлса, кейинчалик бу ишга бевосита туркистонликларни жалб қилишга киришди. Газетанинг 1885 йилги сонларида Туркистон ҳарбий кампаниясида иштирок этган генерал А.Куропаткиннинг (1848-1925) ўлкани забт этилиши билан боғлиқ хотираларини чоп этди ва алоҳида китобча шаклида ҳам нашрдан чиқарди. Кейинчалик 1906 йилда эса Куропаткининг бу хотираларига ўз қарашларини илова қилган ҳолда «Тарихи жадиди Туркистон» номи билан туркум мақолаларини эълон қилди. Гаспринский айниқса Туркистон хонликларининг Россия билан муносабатларига катта эътибор қаратди. Бу хусусда Бухоро-Россия алоқалари алоҳида аҳамият касб этади. Гаспринскийнинг бу борадаги мақолалари ва қарашлари таҳлил этилганда унинг Бухорога бўлган қизиқиши кучли эканлиги яққол сезилиб туради. Уни кўпроқ Бухоро мадрасалари қизиқтиради. Гаспринский умрининг охирига қадар ушбу мадрасаларга маърифатчилик ғояларини татбиқ этиш истаги билан ўтди. Унинг сўзлари билан айтсак, Гаспринскийнинг «Европа цивилизацияси таъсир қилмаган» Туркистонда ўз ғояларини ёйишга иштиёқи баланд эди. Мана шу сабаблар уни Туркистонга етаклади.
Гаспринский Туркистонга бўладиган сафари олдидан «Таржимон»да ўлка ҳаёти, тарихи ва географиясига оид туркум мақолалар беради ва газета ўқувчиларини Туркистон билан ошно қилади. Айниқса Гаспринскийнинг Бухоро амирлиги ҳақидаги мақолалари анча маълумотларга бой эди. Муаллиф Бухоронинг буюк ўтмиши, мадрасалари ва ҳукмдорлари борасида анча қизиқарли фактларни келтиради. 1893 йилнинг февраль ойида Бухоро амири Абдулаҳадхон (1859-1910) Петербург сафаридан қайтишда Боғчасаройга келади. Юксак меҳмонни кутиб олувчилар қаторида Гаспринский ҳам бор эди. Бу икки шахс 1883 йилдан эътиборан ғойибона таниш эдилар. Ўшанда валиаҳд бўлган Абдулаҳадхон Гаспринскийга «Таржимон»га обуна бўлиш истаги битилган телеграмма юборган эди. Орадан 10 йил ўтгандан сўнг улар кўришишга муваффақ бўлди. Бу кўришув натижасида Абдулаҳадхон Гаспринскийни расман Бухорога таклиф қилади. Кейинчалик Исмоилбей бу таклиф анчадан бери режалаштирилиб келаётган сафарга катта туртки берганини ёзади.
Гаспринский Туркистонга биринчи саёҳатини 1893 йил май ойида бошлайди. Бу сафардан кўзланган мақсад, Гаспринскийнинг ёзишича, Туркистоннинг ҳақиқий тарихи ва ўша даврдаги аҳволи билан яқиндан танишиш бўлган. Гаспринский сафар давомида яна маҳаллий мусулмон зиёлилари билан танишиш ҳамда улар орасидан ўз маслакдошларини топишни; «Таржимон»ни ўлкада кенг тарғиб қилиш ва янги обуначиларга эга бўлишни; янги усул мактаби очишни режалаштиради. Сафардан сўнг «Таржимон» саҳифаларида эълон қилинган саёҳат кундаликларида Гаспринский Туркистонда бўлган учрашувлари, суҳбатлари ҳақида батафсил маълумот бермайди ва бундай ҳолатни газета имкониятлари чекланганлиги билан изоҳлайди. Америкалик олим Лаззеринининг қайд этишича, Гаспринскийнинг Туркистонга сафаридан кўзланган асосий мақсад рус ва маҳаллий амалдорларни янги усул мактаби ишига жалб қилиш бўлган.
Гаспринский поезд билан янги Бухорога етиб келгач, биринчи навбатда Россия сиёсий агентлиги маъмурлари билан кўришади ва ташриф мақсадини билдиради. Меҳмоннинг расмий таклиф билан келганлиги дарҳол Бухоро амири девонхонасига билдирилади. Шундан сўнг Исмоилбей қушбеги билан кўришади ва юксак меҳмонлар учун белгиланган жойга жойлаштирилади. Амир Абдулаҳадхон бу вақтда Шаҳрисабзда бўлганлиги учун Гаспринский Бухорода у билан кўриша олмайди. Саёҳатининг сўнгида Шаҳрисабзга ташриф буюради ва амир билан у ерда кўришади.
Қушбеги ёрдамида Гаспринский Бухоронинг бошқа юқори мартабалари амалдорлари: девонбеги ва Қози Калон билан учрашади. У вақтда Бухоронинг барча таълим муассасалари қози калон тасарруфида эди. Буни билган Гаспринский имкониятдан фойдаланган ҳолда қози калонни таълимнинг янги усули билан батафсил таништиради ва ўзининг «Ҳожаи сибён» дарслигини ҳадя қилади. Қози калон Гаспринский тақдим қилган янги таълим усул жуда самарали ва фойдалилигини маъқуллайди.
Бухорода Гаспринский мактаб ва мадрасаларга бориб, у ердаги ҳаёт билан танишади. Ўқувчи ва талабалар билан суҳбат қилади. Бухорода 4 кун бўлгач, Гаспринский Самарқандга қараб йўл олади. Самарқандда ҳам у биринчи навбатда рус маъмуриятига учрайди. Уни Самарқанд ҳарбий губернатори граф Ростовсев қабул қилади. Гаспринский губернатор билан бўлган ярим соатлик учрашув давомида у билан ўзини қизиқтирган барча масалалар: газетадан мактабгача суҳбатлашиб улгуради. Суҳбатдан таъсирланган губернатор «Таржимон»га обуна бўлиш истагини билдиради ва Гаспринскийга мактаблар борасида батафсил маълумот олиш учун шаҳардаги рус-тузем мактаби ўқитувчиси билан учрашишни маслаҳат беради. Афсуски, мактабларда ёзги таътил бўлганлиги сабабли Гаспринский губернатор айтган муаллимни топа олмайди. Самарқандда ҳам 4 кун бўлиш давомида Гаспринский шаҳарнинг рус ва маҳаллий қисмлари билан батафсил танишиб чиқади. Исмоилбей Самарқандда сафардан кўзланган асосий мақсадлардан бири – янги мактаб очишга муваффақ бўлади. Мактаб норасмий тарзда очилишига қарамай халқ орасида тез шуҳрат қозонди.
Самарқанддан сўнг Гаспринский Туркистоннинг бош шаҳри – Тошкентга келади. Бухоро ва Самарқанддан фарқли ўлароқ у шаҳарга келиши биланоқ рус маъмурлари ҳузурига бормади. Уни Тошкентга келишини маҳаллий зиёлилар кутаётган эдилар. Гаспринскийни Тошкентнинг машҳур қозиларидан Муҳйиддинхўжа кутиб олади ва уни ўз уйига таклиф қилади. Ўша куни Муҳйиддинхўжа уйига Тошкентнинг барча кўзга кўринган мусулмон зиёлиларини йиғади ва Гаспринский шарафига катта зиёфат беради. Гаспринский Тошкентда шундай бир зиёли жамоани кўрдики, бу унинг Туркистон ҳақидаги барча тасаввурларини тубдан ўзгартириб юборди. Исмоилбей рус матбуотда туркистонликлар «саводсиз ва жоҳил» сифатида бонг ураётган хабар ва маълумотлар асоссиз эканлигига амин бўлади. Шу сабабдан бўлса керак, Гаспринский Тошкентда 6 кун қолиб кетади.
Тошкентда экан Гаспринский Туркистон генерал-губернатори барон А.Вревский (1834-1910) ҳамда ўлка таълим тизимига масъул бўлган шахслардан бири Н.Остроумов (1846-1930) билан ҳам кўришади. Бўлиб ўтган учрашувлар тафсилотлари бизга номаълум. Шундай бўлса-да, Гаспринскийни биринчи навбатда 1892 йили Туркистон генерал-губернаторига таълим соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган ислоҳотлар ҳақида фикрлари билдирилган мактубининг тақдири қизиқтиргани, шубҳасиз. Бу масала Н.Остроумов билан муҳокама қилинганлиги эҳтимоли кўпроқ. Гаспринский Остроумовни 1880 йиллардан анча яхши таниган ва ўлка таълим тизимига катта таъсир ўтказувчи шахс эканлигини яхши билар эди. Исмоилбей Остроумов билан янги усул мактаблари борасида ҳам суҳбатлашади ва Самарқандда очилган мактабни расман рўйхатдан ўтишига кўмаклашишини илтимос қилади. Лекин Остроумов берган ваъдалари устидан чиқмади.
Гаспринский Тошкентдан яна Самарқандга қайтади. У ерда уни Шаҳрисабзга олиб бориш учун амир тарафидан юборилган одамлар кутиб турган эдилар. Айни шу вақтда Самарқандга етиб келган таниқли педагог, бокулик Мажид Ғанизода (1866-1937) Гаспринскийга ҳамроҳ бўлади. Сафар сўнгида Мажид Ғанизода Гаспринскийнинг илтимосига биноан Самарқандда 40 кун қолиб янги усул мактабида дарс бериш билан бир қаторда маҳаллий муаллимга усули жадид асосларидан ҳам сабоқ беради.
Гаспринский Шаҳрисабзга Қурбон ҳайити арафасида етиб келади ва Абдулаҳадхон билан байрам намозидан сўнг кўришишга муваффақ бўлади. Уларнинг бу кўришуви расмий тарзда бўлиб, 15 дақиқагина давом этади. Гаспринскийнинг Абдулаҳадхон билан асосий кўришуви ва суҳбати ўша куни тушдан кейин бўлади. Бу сафар улар батафсил суҳбатлашиш имконига эга бўладилар. Суҳбат чоғида Гаспринский Бухорода янги усул мактаби очиш масаласини ўртага қўяди. Чунки Абдулаҳадхон Исмоилбей билан Боғчасаройда кўришган вақтида унга Бухорода янги усул мактаби очишга ваъда берган эди. Аммо амир ваъдасининг устидан чиқмади. Абдулаҳадхоннинг бу тарзда ҳаракат қилишига сабаб, Лаззерининг фикрига қараганда, амир давлат ичида олиб бориладиган барча ишларда бевосита диний уламолар измида бўлиб, уларга қарши ҳаракат қила олмас эди. Бухоро ҳаётидаги ҳар қандай янгилик уламонинг қаршилигига учраши ва улар халқни амирга қарши кўтаришлари мумкин эди. Абдулаҳадхон буни жуда яхши билар эди. Бошқа тарафдан Россия ҳам Бухорода ҳар қандай ўзгаришларга қарши турар эди.
Гаспринскийнинг Туркистонга иккинчи саёҳати 1908 йилга тўғри келди. Бу галги сафар олдингисидан мақсад жиҳатдан бутунлай фарқ қилади. Гаспринскийнинг биринчи саёҳатидан, юқорида айтилганидек, кўпроқ танишишни мақсад қилган бўлса, иккинчи саёҳат эса аниқ, режалаштирилган мақсадга эга эди.
Масаланинг моҳиятини яхшироқ англаш учун мавзудан бироз четлашишимизга тўғри келади. 1905 йил октябрда оқ подшоҳ томонидан эълон қилинган манифестдан сўнг Россиядаги мусулмон жамияти янги бир йўлга чиқди. Янги йўлбошчилар, янги ғоялар ва оқимлар пайдо бўлди. Айни шу вақт либерал позицияда турувчи Гаспринскийнинг мавқейи бироз эътибордан туша бошлади. Чунки янги йўлбошчилар чор ҳукуматининг олдига аниқ сиёсий талаблар қўйиш, манифест билан берилган эркинликлардан кўпроқ манфаатга эга бўлишга даъват қила бошладилар. Гаспринский бу каби тез ҳаракатларни умуман маъқулламади ва бирдан катта сиёсий талаблар билан чиқишга қарши эди. Бу эса ўз навбатида унинг сиёсий мавқейига таъсир этмай қолмади. Абдурашид Иброҳимов (1857-1944) бошчилигидаги федералистлар мусулмонлар яшайдиган ҳудудларга мухторият мақоми берилиши тарафдорлари сифатида ўртага чиқди. Гаспринский ва Иброҳимов орасида катта сиёсий келишмовчилик чиқади ва иккиси бир-бирига қарши ҳаракат қила бошладилар. Мусулмон жамоаси орасида сиёсий бўлиниш бўлди. Шундан сўнг Гаспринскийнинг ўзи ёзишига қараганда, мусулмонлар орасида бўлаётган барча нарсалардан кўнгли «совиб кетган».
1908 йилнинг бошларида Гаспринский янгидан, 1905-1907 йиллар орасида бўлиб ўтган сиёсий жараёнлардан кескин фарқ қиладиган сиёсий иш бошлаш ҳаракатига тушди. Айни шу вақт у ўзининг узоқ йиллар давом этган педагог сифатидаги фаолияти тугаганлигини ва фаолиятининг иккинчи, янада шиддатли, кучли сиёсий даври бошланганлигини эълон қилади. Гаспринский янги сиёсий фаолиятга киришар экан «Таржимон»ни ҳам соф сиёсий дастакка айлантириш фикрига келади.
1908 йил баҳорида «Таржимон»нинг кенг нишонланган 25 саналик юбилейи Гаспринскийга яна-да катта куч беради ва бошлаётган ишларига илҳом бағишлайди. У «Таржимон» орқали ўз издошлари ва ҳаммаслакларига очиқ мактуб билан мурожаат қилади ва ўйлаган фикрларини билдиради. Гаспринский бу хат орқали жойлардаги ўз издошларидан газетага кўпроқ обуначи жалб этишни сўрайди ва шаҳарлар рўйхати билан лозим бўлган обуначилар сонини эълон қилади. Туркистондан жами 248 обуначи талаб қилинади. Гаспринскийнинг туркистонлик издошлари бу чақириққа биринчилардан бўлиб жавоб берадилар ва тез орада исталган миқдордаги обуначиларни йиғадилар.
Орадан оз вақт ўтиб Гаспринский мусулмонларга иккинчи очиқ мактуб билан мурожаат қилади. Бу сафар у тўла сиёсат ишига берилаётгани ва «Таржимон»ни Петербургга кўчириб давлат Думасидаги Мусулмон фракциясининг сиёсий органига айлантириш истагида эканлигини билдиради. Гаспринский ўзининг энг яқин ҳаммаслакларидан бўлган Алимардон Тўпчибошевга (1865-1934) ёзган мактубидаги фикрларни амалда қўллашга киришади.
Гаспринский юқоридаги ишларни амалга ошириш учун ўзига мадад қидиради ва Россиянинг мусулмонлар яшайдиган ҳудудларига 2 ойлик сафар уюштиришни режалаштиради. Унинг 1908 йилги Туркистон саёҳати ҳам кўмак излашни мақсад қилган эди. Гаспринскийнинг иккинчи саёҳати биринчисидан айнан шу жиҳати билан фарқ қилади.
Гаспринский иккинчи саёҳатномаси кундаликларида кўпроқ Туркистоннинг сиёсий муаммоларига эътибор қаратади: русларнинг туркманларга қарши уруши, шаҳарлар қурилиши, шаҳарларнинг мусулмонлар яшайдиган қисмлари аҳволи, рус муҳожирларининг ўлкага кўчириб келиниши, татарларнинг Туркистонда мол-мулк ололмаслиги ва ҳоказо. Гаспринскийнинг бу сафардан мақсади Самарқанд шаҳри эди. Бу шаҳарда унинг Туркистондаги энг яқин маслакдоши Маҳмудхўжа Беҳбудий истиқомат қиларди.
Гаспринскийнинг Бухоро амири билан бўлган учрашуви жуда қисқа бўлиб, расмиятчиликдан нари ўтмайди. Бу вақт Гаспринский Бухорода кўрганларидан Абдулаҳадхондан бир нарсани амалга оширишига умид ҳам қилмай қўйганлиги сезилиб туради. Ўз ёзувларида у Бухоро ҳукуматининг ички сиёсатини қаттиқ танқид остига олади. «Агар иш шу тариқа давом этса, — ёзади у, — шак-шубҳасиз Бухоро яқин орада Туркистон генерал-губернаторлигининг бир вилоятига айлантирилади». Бу билан Гаспринский охирги вақтларда рус амалдорлари ва олимларининг Бухоро тўғрисида матбуотда пайдо бўла бошлаган фикрларига ўз муносабатини билдириб ўтади ва Бухоро амирлиги нима бўлганда ҳам тугатилмаслиги, яшаб қолиши кераклигини айтади.
Гаспринский Бухорода ушланиб қолмасдан тўғри Самарқандга йўл олади ва шаҳарга келибоқ Беҳбудий ҳомийлик қилаётган Абдулқодир Шакурийнинг янги усул мактабига боради. Самарқандда Гаспринский бир ҳафта туради. У Беҳбудий билан бўлган узоқ суҳбатлари ҳақида бизга ҳеч қандай маълумот бермайди. Ўз фикрлари тасдиғини топмагунига қадар бу ҳақда билдиришни истамаган кўринади. Гаспринский жўнаб кетганидан кейин Беҳбудий Тошкентга ва Фарғона водийсига сафар қилади. Унинг бу сафари ҳақида ҳеч қаерда бирор-бир маълумот учратмаймиз. Орадан бир йил ўтиб «Таржимон»да эълон қилинган бир мақоласида Беҳбудий ушбу сафари ҳақида эслатиб ўтади. Гаспринский Туркистонда фақатгина Беҳбудий билан ўзига хос «музокара» олиб борди. Ҳатто Тошкентга ҳам келмади. Беҳбудийнинг Тошкентга ва Фарғона водийсига бўлган сафарини эса Гаспринский билан бўлиб ўтган «музокара»ларнинг самараси, деб қараш мумкин. Гаспринскийнинг янги дастурининг Туркистондаги тамсилчиси Беҳбудий бўлиб, у бошқа мусулмон зиёлиларига уни етказишни зиммасига олган кўринади.
Гаспринский Қримга қайтар экан, Самарқанддалиги вақтида Бухородан икки киши келиб ундан қози калон билан янги усул мактаби очиш борасида яна бир бор гаплашиб кўришини илтимос қилганликлари сабабли у ерда икки кун қолишига тўғри келади. Унинг қози калон билан учрашуви бесамар бўлмади. Янги мактаб очилишига қози калон розилик беради. Гаспринскийнинг бухоролик зиёлилари билан суҳбатидан кейин мажлисдагилар шаҳарда икки йилдан бери фаолият олиб бораётган татар мактабини кенгайтиришга ва унга маҳаллий аҳоли болалари ҳам қабул қилинишига келишиб оладилар.
Гаспринскийнинг 1908 йилги Туркистон саёҳати қисқа бўлди. Чунки у Россия бўйлаб режалаштирган икки ойлик иш саёҳатини вақтида тугаллашга шошилар эди. Гаспринский Туркистонга 15 йил оралиғида қилган икки саёҳатидан кўзлаган мақсадларига етди. Бу саёҳат унга ҳам, туркистонлик издошларига ҳам фойдадан холи бўлмади.
Зайнобидин Абдирашидов, фалсафа доктори, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети илмий ишлар бўйича проректори
Изоҳ (0)