Буюк Британия мутахассислари Ойда яшашни истаганлар қанча пул сарфлаши кераклигини ҳисоблаб чиқди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Буюк Британиянинг Money истеъмол кредитлари бўйича воситачи компанияси мутахассислари биринчи бўлиб Ойда ипотека кредитлари бўйича қўлланма чиқарди. Унга кўра, Ой юзасидаги ҳаёт ойига 325 минг долларга тушади.
Бу нарх ҳаво зичлагич, саноат кондиционерлари ва иситгичлар, метеорлардан ҳимояловчи ойналар, изоляция ва энергиянинг органик манбалари каби турмуш учун зарур эҳтиёжларни ўз ичига олади. Буларнинг барчаси 40 миллион долларни ташкил қилади. Керакли материаллар Ойга жойлаштирилгандан кейин қурилган уйлар арзонроқ бўлади.
Жамоа Ойдаги уйнинг қийматини ҳисоблаш учун турли хил омиллардан фойдаланди, хусусан, уй қуриш учун зарур бўлган хом ашё, атмосферани яратиш учун махсус материаллар, қурувчилар ва Ойга материалларни ташишнинг ўртача нархи ҳисоблаб чиқилди. Транспорт харажатлари тўғрисидаги маълумотлар SpaceX’дан олинди.
«Ер аҳолиси кўпайиб, космик технологиялар ривожланиб борар экан, Ойдаги ҳаёт тез орада одатий ҳолга айланади. Money қандай қилиб мегаой ипотека кредитларини олиш ва Ойдаги ҳаётга мослашишни ўргатувчи қўлланма яратиш учун Ойда қурилиш қилиш ва уй олди-сотдиси учун устамаларни ҳисоблаб чиқди», — дейилади тадқиқотда.
Мутахассислар Ойнинг потенциал аҳолисига мол-мулкнинг ўртача нархи 27,61 фоизни ташкил этишини кутишни маслаҳат бермоқда.
Шунингдек, йўриқномада Ойдаги энг машҳур жойлар кўрсатилган. Ойнинг энг қизиқарли минтақаларидан бири бу Ёмғир денгизи, «идеал оилавий шаҳар чети» ҳисобланади. Бу минтақа шимолида жойлашган бўлиб, Қуёш тизимидаги энг катта таъсир қилувчи кратерлардан бири саналади.
Тахминларга кўра, уйларнинг ташқи юзаси қуёш панеллари билан қопланади, шунингдек, киришнинг бир қисми бўлган сиқилган кислород капсуласи, сувни қайта ишлаш хонаси, ой иссиқхонаси ва ядровий реактори бўлади. Қолган ҳудудни дам олиш хоналари ва ётоқхоналар, овқатланиш хонаси ва ошхона, шунингдек, скафандрлар хонаси эгаллайди.
NASA’нинг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилгача Ойни тадқиқ қилиш келгуси беш йил ичида 20 миллиарддан 30 миллиард долларгача сарфлашни талаб қилади. Шунингдек, ташкилот Ернинг йўлдошини ўзлаштириш қоидаларини ҳам ишлаб чиқди. Европа космик агентлиги эса «ойдаги қишлоқ» қандай бўлишини кўрсатиб берди.
Аввалроқ Orbital Assembly Corporation компанияси сунъий тортишиш кучига эга биринчи орбитал меҳмонхона — янги Voyager лойиҳаси тафсилотларини ошкор қилган эди.
Шунингдек, америкалик тадбиркор, SpaceX компанияси раҳбари Илон Маск Марс сайёрасида Ердан тўлиқ мустақил бўлган шаҳар қуриш режасини маълум қилди. Миллиардернинг қайд этишича, айни пайтда Марсда қуриладиган уйларнинг бир нечта лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)