Бу машҳур эркаклар нафақат кино ва саҳнада истеъдодли, балки ошхонада ҳам мўъжизалар яратади.

 Snoop Dogg

Фото: wday.ru

Машҳур рэпер Snoop Dogg овқат пиширишни яхши кўришини ва ҳатто рецептлар китобини нашр эттиришини ким ўйлабди дейсиз. Рэпернинг «Ёлғончидан ошпазгача» номли биринчи ошпазлик китоби 2018 йилда нашрдан чиққан. Мазкур китобдан Snoop’нинг шахсий коллекцияси бўлган 50 та рецепт ўрин олган — оддий кундалик овқатлардан тортиб тансиқ таомларгача.

Ошпазлик маҳоратини оширишда Snoop’га телебошловчи Марта Стюарт катта таъсир кўрсатган. Улар 2008 йилда Марта рэперни ўз шоусига таклиф қилганида танишишган. Орадан 8 йил ўтиб, дўстлар ўзларининг «Марта ва Snoop’нинг кечки зиёфати» телешоусини йўлга қўйишган.

Дэвид Бекҳэм

Фото: wday.ru

Собиқ футболчи оилада бош ошпаз ҳисобланади. У ҳатто Италияда ошпазлик курсларида ўқиган — бемалол мазали паста тайёрлаши мумкин.

Бундан ташқари, Бекҳэм таниқли ошпаз Гордон Рамзи билан қадрдон дўст. Шу сабабли дўстлар такрорланмас таъмга эга таомлар рецепти билан ўртоқлашиб туради.

Жастин Тимберлейк

Фото: wday.ru

Жастин Тимберлейк ва унинг рафиқаси Жессика Бил ошхонада бирга вақт ўтказишни яхши кўради.

«Турмуш ўртоғим овқат пиширишни, мен эса ширинлик тайёрлашни ёқтираман. Бизда доим ҳам кечки овқат, ҳам ширинлик бўлади», — деган хонанда телешоулардан бирида.

Туғилган кун тортлари, Рождество печеньелари ва Шукрона куни учун тайёрланган мерингалар — буларнинг барчаси Жастиннинг ошпазлик маҳоратидан намуналар.

Стенли Туччи

Фото: wday.ru

Бир неча фильмлар юлдузи Стенли Туччи ҳам ажойиб ошпаз. Актёр бобоси ва бувисининг итальян таомларидан илҳомланиб, ўзининг ошпазлик китобини ҳам нашрдан чиқарган. Вақти-вақти билан Стенли Instagram’да видео рецептлари билан бўлишиб туради.

Жесси Тайлер Фергюсон

Фото: wday.ru

«Америкача оила» сериали юлдузи бош ошпаз Жулие Танус билан ошпазлик блогини йўлга қўйган. Уларнинг севимли рецептларини julieandjessecook.com сайтида топиш мумкин. 2021 йилнинг март ойида уларнинг ҳамкорликдаги «Дўстлар ўртасидаги таомлар» китоби сотувга чиқади. Бундан ташқари, Фергюсон ресторанлардан бирига сармоя ҳам киритган. Бир марта у агар актёр бўлмаганида ошпаз бўлишини айтиб ўтган.

Фредди Принс

Фото: wday.ru

«Ҳаммасига у айбдор» фильмидаги роли билан машҳур бўлган 2000 йиллар юлдузини кўп вақтини ошхонада ўтказади. 2016 йилда актёр «Ошхонага қайтиб» номли ошпазлик китобини нашрдан чиқарган. Маълум бўлишича, Фредди болалигида онаси билан тез-тез овқат пиширган ва ҳатто ошпазлик мактабига боришига оз қолган. Актёр аччиқ таомларни хуш кўради ва кўпинча дўстлари учун кечки зиёфатлар уюштиради.

Артём Чигвинсев

Фото: wday.ru

Россиялик таниқли раққос 2003 йилда АҚШга кўчиб келган ва бир неча йил ўтгач, «Юлдузлар билан рақс» шоусининг америкача версиясининг доимий иштирокчиси ва хореографига айланган.

Яқинда Артём ошпазлик маҳоратини ошириш учун Америка ошпазлик олийгоҳига ўқишга кирди. Маълум бўлишича, Артём ўзини ўзи изоляция қилиш пайтида шундай қарорга келган.

«Пандемия пайтида яна бир бор шунга амин бўлдимки, баъзи эшиклар ёпилганда, бошқалари очиларкан. Биз ишимизни тўхтатишга мажбур бўлдик, лекин ҳаётда нима қилишни хоҳлаётганимизни билиб олдик, кейинги мақсадларимиз нима эканлигини англадик», — деган у.