Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги хонадонларнинг бирига чақирув асосида борган шифокор хонадон эгалари томонидан калтакланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълумотларга кўра, 1 март куни соат 22:09 да туманнинг «Халқобод» маҳалласида яшовчи фуқародан чақирув тушган. Бу вақтда тез-тиббий ёрдам шифокорлар бригадаси «Файзобод» маҳалласидаги беморга тиббий ёрдам кўрсатаётган бўлган. Шифокорлар бу ердаги ишларини якунлаб, навбатдаги манзилга 17 дақиқада етиб борган.

Бироқ беморни кўришга улгурмаган шифокорга хонадон эгаси боши билан зарба берган.

«Боришимиздан олдин телефон қилиб, хонадон рақамини сўрадик. 67-уй деди. Етиб борганимиздан кейин, хонадонга ҳали кирмасимиздан, уй эгасининг ўғли келиб, сўрашиб, ‘Ким билан гаплашдим?’ деганча қўққисдан боши билан урди. Ҳушимдан кетдим, кейинги воқеаларни эслай олмайман. Кўзимни очсам, реанимацияда эканман», — дейди жабрланувчи.

Калтакланган шифокор ҳушини йўқотганидан сўнг ҳайдовчи уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалига олиб борган. Фелдшер эса беморга ёрдам бериш учун чақирилган хонадонга қолган.

«Бемор тез-тиббий ёрдам орқали олиб келиняпти. Таҳлилларини йиққанимизда беморни калтаклашган. Оғир аҳволда бўлгани учун уни реанимация бўлимига ётқизиб, ёрдам кўрсатдик. Дастлабки ташхисимиз ёпиқ қон қуйилиши, бош миянинг лат ейиши, бурун суягининг синиши билан текширишлар давом этяпти», — дейди шифокор Тўрақул Орзиқулов.

Ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширувлари олиб борилмоқда, шифокорга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Аввалроқ Самарқандда шифохона қоровули ва шифокорини урган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, Фарғонада тез ёрдам ходимларини калтаклаган шахс қамоққа олингани, Сирдарёда 6 нафар маст фуқаро тез ёрдам ходимларини калтаклагани тўғрисида хабар берилганди.