Намангандаги «Марказий» ўйингоҳида 4 март, пайшанба куни «Навбаҳор» футбол жамоасининг мавсумолди тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Маросимда вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Абдураззақов иштирок этди.

Фото: «Дарё»

«Пандемия шароити бўлишига қарамай севимли жамоамизни қўллаб-қувватлашни канда қилмадик. Футболчилар Туркияда машғулотлар ўтади, клуб учун янги автобус харид қилинди. Энди асосий масала мухлислар кутаётган натижани қўлга киритишда қолди. Бунда биринчи галда маҳаллий ёшларга таянамиз, футбол академиясига эътибор қаратамиз. «Навбаҳор» чемпионлик маррасига кўз тикадиган пайт келди», — деди вилоят ҳокими.

Фото: «Дарё»

Тадбирда клуб раҳбариятида ўзгариш бўлгани эълон қилинди. Шу пайтгача клуб вице-президенти вазифасида ишлаб келган Отабек Саматов «Навбаҳор» президенти сифатида иш бошлади.

Фото: «Дарё»

Олдинлари бу лавозимни анъанага кўра Наманган шаҳри ҳокими эгаллаб келарди.

Фото: «Дарё»

Шундан сўнг клубнинг янги формалари намойиш этилди. «Навбаҳор» бу йил майдонга қизил, кўк ва оқ либсларда тушади. Уларда клуб рамзидан ташқари Наманган манзаралари ҳам акс эттирилган.

Фото: «Дарё»

Таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев йиғилганларга «Навбаҳор» жамоаси аъзолари ва мураббийларини таништирди. Улар орасида клубга янги келиб қўшилган ўйинчилар ҳам бор.

Фото: «Дарё»

Жумладан, сербиялик легионерлар ҳимоячи Никола Тасич, ярим ҳимоячи Марко Путинчанин ва ҳужумчи Славиша Стоянович, дарвозабон Раҳимжон Давронов («Машъал»), ҳимоячилар Фарҳод Мираҳмедов ва Хушнудбек Авилов (иккиси ҳам «Андижон»дан), ярим ҳимоячилар Баҳром Абдураҳимов (ОКМК) ва Қувондиқ Рўзиев («Қўқон-1912») жорий мавсумда «лочинлар» сафида тўп сурадиган бўлди.

Фото: «Дарё»

Тадбирда «Навбаҳор» бош мураббийи Нўмон Ҳасанов, жамоа сардори Азим Аҳмедов сўзга чиқиб, раҳбарият ва мухлислар ишончини оқлашга, уларни чиройли ўйинлари ва юқори натижалари билан мамнун қилиш учун астойдил ҳаракат қилишга ваъда берди.

Фото: «Дарё»

Тақдимот маросими Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов, сўз устаси Искандар Ҳамроқулов ва «Само» гуруҳи иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.

Фото: «Дарё»