Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов туман марказидан 180 километр узоқликда жойлашган Теракли қишлоғида бўлиб, аҳоли хонадонларидан бирида тунаб қолди. Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳоким қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзини шу тарзда ўрганишни мақсад қилган.

Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги

«Туман марказидан энг олис ҳудудларда жойлашган Дуоб, Теракли, Шахшор каби қишлоқларда бўлган ҳоким шу ҳудуд аҳолисининг яшаш тарзини ўрганиш учун уларнинг хонадонларида бўлди. Теракли қишлоғидаги кам таъминланган оила хонадонида тунаб қолган Зоир Алиқулов совуқ об-ҳаво пайтида электр токидан узилиб қолаётган хонадон аҳлининг дардини ҳис қилиб кўрди», — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати маълумотида.

Зоир Алиқуловнинг олис қишлоқдаги ташрифи ҳақида хабар берган ҳокимлик ахборот хизматининг ёзишича, туман раҳбари Теракли қишлоғида яшовчи, бир неча йилдан бери тўшакка михланиб қолган оила бекаси — Нигора Дайновованинг аҳволини кўриб, унга кўмак беришини маълум қилган.

Нигора Дайновованинг турмуш ўртоғи Шерали Донаевга кўра, хотини йиқилиб тушиб, оёғининг илик суягини синдирган ва тўрт йилдан бери тўшакда ётибди.

«Ҳоким бува бизнинг қишлоқда ётиб қолиб, кечки пайт уйимизга келди. Биздан ҳол-аҳвол сўраб, хотинимнинг тўшакка михланиб қолиш сабаби билан қизиқди. Мен хотиним йиқилиб тушиб, илик суягини синдирганини ва тўрт йилдан бери юролмай, ётиб қолганини айтдим. Шунда ҳоким хотиним оёққа туриб кетиши учун қандай ёрдам кераклигни сўради. Мен операцияга 3 минг доллар кераклигини айтиб, шароитимиз етмаётганини билдирдим. Шунда ҳоким бува операцияга тайёргарлик кўришимиз лозимлигини, тополмай турган 2 минг долларни ҳомийлар кўмагида ўзи топиб беришини айтди. Ўша кундан бери хотиним жудаям хурсанд, оёққа туришига умид қиляпти», — дейди Шерали Донаев.

Қўшимча қилинишича, туман ҳокими олис қишлоқда тунаб қолган куни тумандаги барча ташкилот раҳбарлари ҳам ҳудудда бўлиб, «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари»га киритилган оилалар ҳолидан хабар олган ва уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топган.