Президент Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни Наманган вилоятига икки кунлик ташрифи давомида «Даштбоғ» кичик саноат зонасига ташриф буюрди.
Давлат раҳбари махсус кийимлар ва эркаклар кўйлаги тикиш билан шуғулланувчи Dream linet текстиль компанияси иши билан танишди. Бу ерда 120 нафар аёл ва эркаклар ишламоқда.
«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Шавкат Мирзиёев компания раҳбари билан суҳбатда муҳим масала — аёлларнинг ишлашини тақиқлайдиган эркаклар ҳақида фикр билдирди. Президент бундай иллатлар билан янги иш ўринлари ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш орқали курашиш кераклигига урғу берди.
«Эри рухсат бермаса, деяпти. Ҳозир Наманганда мана шу ибора пайдо бўляпти. Бу ибора билан ҳам курашишимиз керак. Нимага десангиз, ҳаммамиз тенг бўлиб, аёлларимизни ҳам муносиб иш билан таъминлашимиз керак. Сизга ўхшаган 20−30 та тадбиркор ҳокимга кўмакчи бўлса бўлди, менинг бундай юришим керакмас — мен ҳам давлат ишлари билан шуғулланавераман», — деган Президент «Махсус ракурс»нинг навбатдаги сонида.
Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
«Ҳали кўп-кўп мана шу фуқароларимиз, сизларни қўшниларинг, кўпларни турмуш ўртоқлари четда юрибди. Менинг энг катта мақсадим, қанча оғир бўлмасин, уларни секин-секин ўзимизнинг бағримизга, ўзимизнинг маҳалламизга, ўзимизнинг уйимизга қайтариб олиб келиш. Оғир, лекин барибир шу марраларни олдимизга қўйишимиз керак», — деб таъкидлаган давлат раҳбари.
2019 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда аёлларни айрим тармоқларда ёки касбларда иш билан таъминлашга қўйилган тақиқлар бекор қилинган эди.
Изоҳ (0)