Президент Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни ўтказилган Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 26-сессиясидан кейин сафар дастурига асосан, яқинда бунёд этилган замонавий кутубхонага бориши керак эди. Аммо давлат раҳбари кортежи кутилмаганда Наманган шаҳрининг чанг ва чуқурга тўла йўллари бўйлаб юриб, «Бунёдкор» маҳалласида тўхтади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Президент дастлаб Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сонли ички ишлар бўлими «Бунёдкор» маҳалла фуқаролари йиғинидаги 74-сонли таянч пунктига ташриф буюрди.

Давлат раҳбари эски, деворлари нураб ётган 74-сонли таянч пунктининг биносини кўриб, шаҳар сектор раҳбарлари фаолиятига танқидий баҳо берди. 2-сектор раҳбарига тегишли мазкур вазият бўйича шаҳар прокурори фаолияти ҳам қониқарсиз эканлигини айтилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Кортежни кўриб йиғилган тумонат одам орасига Шавкат Мирзиёев кириб бориб, аҳоли муаммоларини тинглади.

Бундан аввал Президент тавсиясига кўра Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқлангани ҳамда Уйчи тумани «тўртлиги» лавозимидан озод қилингани ҳақида хабар берилганди.