Шимолий Корея етaкчиси Ким Чен Иннинг рафиқаси Ли Соль Чжу бир йилдан ошиқ вақтдан бери жамоатчилик олдида кўринмай келаётганди. 16 февраль, сешанба куни Ли Соль Чжу турмуш ўртоғи билан КХДР марҳум раҳбари Ким Чен Ир туғилган кун — «Йўлчи юлдуз куни» шарафига ташкил қилинган концертга ташриф буюрди. Бу ҳақда Шимолий Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА) маълумотига таяниб «РБК» хабар берди.

Ли Соль Чжу ва Ким Чен Ин

Фото: Reuters

Хабарга кўра, Ким Чен Ин ва унинг рафиқаси «Мансуде» бадиий театрида ҳукумат бошқармаси ва партиянинг марказий қўмита аъзолари билан биргаликда «Юлдуз куни»га бағишланган концертни томоша қилган.

«Бош котиб ва ​​унинг рафиқаси Ли Соль Чжу театр залига қадам қўйиши билан барча томошабинлар уларни қаршилаш учун баланд овозда ‘Ура!’ деб бақирди», — дейилади КМТА хабарида. Концертда Ким Чен Ирни мадҳ этган қўшиқлар, шунингдек, бош котиб Ким Чен Иннинг шарафига ёзилган асарлар ижро этилган.

КМТА агентлигининг ушбу хабарга бириктирган фотосуратларидан кўриниб турибдики, Ли Соль Чжу ва Ким Чен Ин ҳурмати жойига қўйилган ҳолда аудитория марказида ўтириб, табассум билан спектаклда қарсак чалмоқда. Бош котибнинг рафиқаси концерт учун тўғноғич билан безатилган тўқ кўк рангдаги костюм кийган. Эътиборлиси шундаки, фотосуратда ундан ташқари бошқа аёллар, жумладан, Ким Чен Иннинг синглиси Ким Йо Чжонг йўқ. Шунингдек, томошабинларнинг ҳеч бири ниқоб тақмаган.

https://twitter.com/arirangtvnews/status/1361863071413673984

Охирги марта Ли Соль Чжу 2020 йил 25 январда омма олдида кўриниш берганди. Ўшанда у ва турмуш ўртоғи Янги йил муносабати билан «Самжиэн» мусиқий театрининг байрамона томошасига борган. Ли Соль Чжунинг ОАВ олдида узоқ вақт кўриниш бермагани унинг касал ёки ҳомиладор бўлиши мумкинлиги тўғрисида кўплаб миш-мишларга сабаб бўлди. Шунингдек, Корея Миллий бирлашиш институти мутахассиси Хонг Мин унинг «йўқ бўлиб кетиши» коронавирусга қарши чоралар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаган, ваҳоланки, илгари Шимолий Корея расмийлари мамлакатда вирус мавжудлигини рад этган. Шунингдек, таҳлилчилар Ли Соль Чжу мамлакатдан қочиб кетган деган тахминни илгари сурган.

Ли Соль Чжу жамоат майдонида бўлмаган пайтда Шимолий Корея етакчиси расмий тадбирларга ўзининг собиқ севгилиси, шимолий кореялик поп юлдузи Хён Сон Воль билан келган.

КХДР раҳбарларининг рафиқалари орасида биринчи марта Ли Соль Чжу турмуш ўртоғи билан жамоатчилик олдида кўриниш берган. Унинг Ким Чен Ин билан никоҳи 2012 йилда Шимолий Корея ОАВ томонидан расман эълон қилинганди.

2020 йилнинг октябрь охиридан ноябрь ўртасига қадар Ким Чен Ин 25 кун давомида оммага кўриниш бермаган. Бунга қадар Ким Чен Ин 2020 йилнинг баҳорида икки марта кўринмай кетганди. Апрель ойида у 10 кун жамоатчиликка кўриниш бермаган. ОАВлар Шимолий Корея етакчисининг узоқ вақт кўринмай қолганини унинг соғлиғи билан бўлиқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилган.