Тошкент шаҳрида вояга етмаган қизларни таъқиб қилиб, жинсий яқинлик қилмоқчи бўлган 36 ёшли эркакка нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди судьяси Фарҳод Абдушукуровга таяниб, Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, судланувчи 2020 йилнинг 28 ноябрь куни мастлигида Бектемир туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида лифтга вояга етмаган икки қизнинг кириб кетганини кўриб, уларнинг ортидан кирган. Лифт 1-қаватдан 6-қаватга кўтарилгунга қадар эркак беҳаё ҳаракатлар қилиб, қизлардан бирининг қўлларидан ушлаган, уни ўзига тортиб, қўли билан зўрлик ишлатаган.

Лифт эшиги очилиши билан воқеа жойидан яширинган.

Орадан тахминан 10 дақиқа ўтгач, эркак лифтга бошқа вояга етмаган қизнинг кириб кетаётганини кўрган ва унинг ортидан яна лифтга кирган. Лифт 6-қаватга кўтарилгунга қадар эркак ахлоқсиз ҳаракатларини такрорлаган, қиз эса унга қаршилик қилган ва эшик очилганида эркак чиқиб кетган.

«Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлди. У бунга спиртли ичимлик таъсири остида қўл ургани, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди», — дейилади хабарда.

Судланувчи Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, мазкур кодекснинг 60, 61-моддаларига асосан, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туман судининг 2015 йил 6 майдаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 1 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланган.