Эрон олий етакчиси ва раҳбари Али Хоманаий 10 февраль куни нишонланадиган Ислом инқилобининг 42 йиллиги муносабати билан 3840 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Tasnim агентлиги хабар берган.

Эрон олий етакчиси Али Хоманаий

Фото: Forbes

Маҳкумлар озодликка чиқарилади ёки уларнинг қамоқдаги жазо муддатлари қисқаради. Аввал амнистия лойиҳаси ва маҳбуслар рўйхати олий етакчига Эрон олий судининг раиси Иброҳим Раисий томонидан киритилганди.

Эрон тақвимига кўра ҳар йили бахман ойининг 22-санасида мамлакатдаги энг асосий миллий байрамлардан бири нишонланади ва 2021 йил ушбу сана 10 февралга тўғри келган. 10 февраль Эронда Ислом инқилобининг Муҳаммад Ризо Паҳлавий (1941—1979) монархияси устидан қозонилган ғалаба куни сифатида нишонланади.

Эрон конституциясига кўра, олий етакчи Олий суд раисининг тавсияси асосида маҳкумларнинг муддатини қисқартириш ёки уларни қамоқдан озод қилиш ҳуқуқига эга.