Финляндияда 3 февралдан бошлаб бутунлай бепул фойдаланиш мумкин бўлган таксилар иш бошлайди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.
Бу турдаги таксилар пойтахт, шунингдек, Оулу ва Рованиeми ҳудудларида фаолият олиб боради. Хизмат ҳаққи учун мижозлардан пул ўрнига такси хизматининг сифати ва такси ҳайдовчиларининг маданиятини ошириш борасида таклиф сўралади.
«Умид қиламизки, одамлар ўз тажрибаси билан ўртоқлашади ва хизматимизни яхшилаш учун аниқ таклифлар беради. Биз айтилган ҳар қандай фикр ва шарҳдан миннатдор бўламиз», — дейди Финляндия Таксомотор жамияти вакили Катя Сакса.
Махсус таксиларга фақат телефон орқали буюртма бериш мумкин. Мижозларнинг барча таклифлари расмийлаштирилади ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинади. Бу лойиҳада Таксомотор жамияти ва Lähitaksi, Taksi Helsinki ҳамда Otaxi фирмалари иштирок этмоқда.
«Қонунчиликда икки йил олдин рўй берган ўзгариш финнларнинг такси хизматига бўлган ишончини тушириб юборди, шундай бўлса-да, бу соҳада фаолият юритаётган кўплаб тадбиркорлар мижозга сифатли хизмат кўрсатишни хоҳлайди. Шунинг учун қандайдир стереотипларни четлаб ўтиб йўқолган ишончни қайта тиклаш йўлини топиш биз учун муҳим», — деб қўшимча қилди Сакса.
Изоҳ (0)