Андижон вилоятининг Избоскан туманида Cobalt ҳайдовчиси велосипедчини уриб юборди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов.
Андижон вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот гуруҳи инспектори Дониёр Алиевнинг аниқлик киритишича, 2021 йил 31 январь куни соат 21:00 да Избоскан тумани «Қораянтоқ» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятига эга 4Р-132 «Пойтуғ—Пахтаобод» автомобиль йўлининг 12-километрида ЙТҲ содир бўлган.
Cobalt’нинг 43 ёшли ҳайдовчиси юқори тезликда ҳаракатланиб келиб, йўл четида велосипед бошқариб кетаётган 34 ёшли фуқарони уриб юборган. Оқибатда велосипед ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, туман шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасига жойлаштирилган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, велосипед ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари сабабли вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Избоскан тумани ИИБ томонидан дастлабки тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ЙТҲ сабаби ва оқибати вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Саидолим Зингиров бошчилигида жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинган ва тегишли вазифалар белгилаб олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда Nexia автомобили велосипед ҳайдовчисини уриб кетгани ва ҳайдовчи вафот этгани ҳақида хабар берилганди.