Тошкентда ўзининг транспорт воситаларида ҳаракатланиб кетаётган икки ҳайдовчи ўртасига юзага келган тушунмовчилик оқибатида улардан бири иккинчисини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 29 январь куни, тахминан, соат 15:50 ларда Учтепа тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига 23 ёшли А.Н. тан жароҳатлари билан касалхонага келтирилганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Суҳбат жараёнида А.Н. шу куни, тахминан, соат 02:30 ларда Учтепа туманидаги Фарҳод кўчасида ўзининг бошқарувидаги Nexia-2 русумли автомобилида кетаётганида Nexia-1 русумли автомобиль ҳайдовчиси билан «йўл талашиш» оқибатида ўзаро низо келиб чиққанлигини маълум қилган. Жанжал оқибатида Nexia-1 ҳайдовчиси 26 ёшли О.К. ўзининг автомобили салонидан пичоқ олиб, А.Н.га тан жароҳати етказган ҳамда ҳодиса жойидан яширинган.
Тезкор тадбир натижасида О.К. ушланган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в» банди (безорилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Унинг бошқарувидаги Nexia-1 русумли автомобиль айрим тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Учтепа тумани ИИО ФМБ биносига жойлаштирилган.
Аввалроқ Наманганда маст мижоз насияга пицса беришни истамаган кафе эгасини пичоқлагани, Тошкентда 17 ёшли мактаб ўқувчиси ўз отасини пичоқлаб ўлдириб қўйгани, Қашқадарёда маст эркак хотини ва қайнсинглисини пичоқлагани, шунингдек, бухоролик аёл рашк сабаб эрини пичоқлаб қўйгани тўғрисида хабар берилганди.