«Авто 60 ой» мансабдори Жамшид Баҳодиров 19,3 минг нафар фуқародан олинган 54,3 миллиард сўм миқдордаги пулларнинг 70 фоизи ҳисоб рақамида турганини, унга имкон берилса, ҳамманинг пулини тўлаб бериши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда «Авто 60 ой» МЧЖ мансабдорлари иши кўриб чиқилаётган навбатдаги суд мажлисида маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Дилмурод Валиев раислигидаги навбатдаги суд мажлиси 2021 йил 1 февраль куни бўлиб ўтган ва унда 40 нафар қашқадарёлик жабрланувчи тингланган.
«Маълум бир сабабларга кўра, 2019 йил 14 октябрь куни ички ишлар органлари фаолиятимни ноқонуний деб топиб, мени қамоққа олди. Менга дастлаб, фирибгарлик қилиш деган айбни қўйишди. Кейинчалик эса айблов моддаси Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми (пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан алмаштирилди. Аммо мен фирибгарлик қилганимда, сизларнинг пулларингиздан бир сўм ҳам қолмасди. Бўйнимга қўйилган 54 миллиард сўмнинг 70 фоизи ҳозир ҳисоб рақамимда турибди деб тахмин қиляпман. 16 ой давомида қамоқда ўтирибман. Менга имкон бериб чиқаришса, ҳамманинг пулини тўлиқ тўлаб бераман. Бироқ 16 ой давомида менга қўйилган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилмаяпти ва менга чиқиб, одамларнинг пулини тўлаб беришимга имкон берилмаяпти. Агар сизлар ҳўп десаларингиз, менга имкон беришса ва мен чиқиб пулларингизни тўлаб берсам, нима дейсизлар?», — деди судланувчи Жамшид Баҳодиров жабрланувчиларга савол берар экан.
Жамшид Баҳодировнинг судда айтишича, унга дастлаб UzAuto Motors АЖ устингдан шикоят қилди деб айблов қўйилган. Кейинчалик аниқлаштирилишича, UzAuto Motors АЖ томонидан шикоят тушмаган бўлган ва уни қамоққа олишгач, шикоят ИИВ томонидан ёздириб олинган.
Мазкур иш суд томонидан кўрилаётганига 6 ой 4 кун бўлди
Чилонзор туман суди судьяси Дилмурод Валиевнинг маълумот беришича, «Авто 60 ой» мансабдорлари иши бўйича бошланган суд ишига 2021 йил 1 февраль куни 6 ой 4 кун бўлди.
«Суд аслида ўз ишини 6 ой муддатда якулаши керак эди. Бироқ 2021 йил январь ойида бу иш бўйича яна 1128 нафар фуқаро шикоят қилгани ва жиноят ишига бирлаштирилгани сабаб яна муддат қўшилмоқда. Ва биз айнан шу жабрланувчиларни тинглаяпмиз. Тахминан икки ёки учта вилоят қолди. Шуни якунласак, кейин прокурор ва ҳимоячиларнинг музокара сўзи эшитилади. Ҳозирда суд 4 февраль куни якунланар экан деган гап юрибди. Йўқ, бу ёлғон. Ҳали музокара сўзлари ва ундан кейин суд маслаҳат уйига кириш жараёнлари бор», — деди судья.
Судьянинг қўшимча маълумот беришича, айни кунга қадар суд 10 мингга яқин жабрланувчининг кўрсатмаларини тинглаган.
Қашқадарёлик жабрланувчилар нима дейди?
Маълум бўлишича, 2021 йил 1 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биносида тўпланган жабрланувчилар видеоконференцалоқа тарзида Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судига боғланган ва 78 нафар жабрланувчи тингланиши кўзда тутилган. Бироқ шу кунги суд мажлисига 40 нафар фуқаро тўпланган. Шунда ҳам жабрланувчиларнинг ўрнига келган яқинлари кўрсатмаси тингланмаган.
«2019 йил Тошкентдаги Зарқайнарга бориб, 3 миллион сўм тўлов қилганман. Ўшанда тўлов қилмасдан, шунчаки кўриб келаман деб боргандим. Тўққизинчи навбатга ёзилиб, ичкарига кирдим. Қарасам, юзлаб одам навбатга ёзилган. Кўз олдимда бир Nexia-3, Damas ва Cobalt’нинг калтини бериб юборишгач, ишондим-да, тўлов қилиб қўйдим. Энди билсам, алданган эканман», — дейди косонлик жабрланувчи Ҳусан Сатторов.
«Буларнинг рекламаси ва гапига ишониб, 4 та машинага 12 миллион сўм тўлов қилганман. Аммо бугунги кунга келиб, на машина бор ва на пул. Суддан адолат кутяпмиз», — дейди бешкентлик жабрланувчи Зафар Қодиров.
«‘Авто 60 ой’нинг рекламаларини эшитиб, одамлар пул тўлаётганини билиб, 2019 йил 26 августда Қарши шаҳридаги офисига бориб, 3 миллион сўм тўлов қилгандим. Кейин билсак, алданган эканмиз ва суд жараёнларида иштирок этяпмиз. Аммо ҳали пулимизни ололмадик», — дейди қамашилик жабрланувчи Ойбек Бобоназаров.
Маълум бўлишича, жабрланувчилар орасида 10 миллион сўм тўлов қилганлар ҳам бор.
«35 кунда Lacetti олиб чиқиб берамиз дейишгани учун 10 миллион сўм тўлов қилгандим. Эндиликда ўша пулимга куйиб ўтирибман. Суддан адолат кутяпман», — дейди яна бир жабрланувчи Нусрат Акромов.
Эслатиб ўтамиз, «Авто 60 ой» МЧЖнинг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан 2019 йил 12 октябрь куни Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми (пул маблағларини ва/ёки бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган эди. Ушбу жиноят иши билан боғлиқ тергов ҳаракатлари 2 июнь куни якунланди.
Тергов материалларига кўра, «Авто 60 ой» МЧЖ вакиллари фуқароларга UzAuto Motors автомобилларини дастлабки тўлов ва фоизларсиз бўлиб тўлашга сотиб олишни таклиф қилиб, 19,3 минг мижоз билан шартнома тузиб, уларнинг 54,3 миллиард сўм миқдоридаги маблағларини жалб қилган. Етказилган моддий зарарнинг 36,8 миллиард сўми тергов давомида қопланган.
5 август куни «Авто 60 ой» МЧЖ мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд иши бошланганди.