«Дарё» «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда ўқиётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимиз ҳаётини ёритишда давом этади. Лойиҳанинг бу галги қаҳрамони — Польшада таҳсил олаётган Адҳам Умрзоқов. 

Адҳам Умрзоқов Сирдарё вилояти Гулистон туманида туғилган. Ҳозир 24 ёшда. Инглиз, испан, рус ва поляк тилларини билади. Айни пайтда Варшава технологиялар университетининг 4-босқич талабаси.

Фото: Адҳам Умрзоқов архивидан

Уйдагиларим хорижда фақат бойларнинг фарзанди ўқийди, дейишарди

Болалигимдан тарих фанини, қолаверса, тарихий фильмларни жуда яхши кўрар эдим. Ҳар доим кинода кўрган, китобда ўқиган жойларимга хаёлан саёҳат қилардим. Ўша пайтлари улғайсам, ўнгимда ҳам шу ерларга, албатта, бораман деб ният қилгандим.

Бу орзум лицейда ўқиш даврида янада мустаҳкамланган. Боиси айнан хорижий филология йўналишида таҳсил олаётганим учун битирувчиларнинг хорижда ўқишга кирганлиги ҳақида кўп эшитардим. Табиийки, бу хабарлар олдимга қатъий бир мақсад қўйишимга ундаган.

Бироқ бошида ота-онам қарши бўлган. Чунки улар хорижда бойларнинг фарзандлари ёки ўта билимдон болалар ўқийди деб ўйлар эди. Лекин мен уларнинг гапига қулоқ солмай, инглиз тилини ўргана бошладим. Шу орада IELTS’га тайёрланиш учун Тошкентга келдим. Бир йилдан сўнг IELTS имтиҳонини топшириб, 6 балл олдим. Ниятим жиддийлигини тушунган ота-онам хорижга кетишимга рози бўлди.

Фото: Адҳам Умрзоқов архивидан

Европада ўқиш қимматлик қилар эди

Дастлаб Европа университетларига қизиқишим кучли бўлган. Афсуски, мен орзу қилган Германия, Англия, Францияда контракт нархлари, ўқиш харажатлари қимматлиги боис қизиқишим сўнган.

Хуллас, қаёққа топширишни билмай иккиланиб юрган пайтларим Латвияда ўқийдиган дўстим билан гаплашиб қолганман. У Ригада ўқиш харажатлари бошқаларга қараганда анча арзонлигини айтиб, Латвия давлат университетига киришимни тавсия қилган. Ўйлаб ўтирмай, шу университетга ҳужжатларимни топширдим. Ҳамда Латвия давлат университетининг халқаро алоқалар йўналишига контракт асосида қабул қилиндим.

Фото: Адҳам Умрзоқов архивидан

Кичкина Париж

Латвия – жуда чиройли мамлакат. Айниқса Ригага саёҳат қилсангиз, ўзингизни худди кичкина Парижга тушиб қолгандек ҳис қиласиз.

Афсуски, бироз вақт ўтиб яшаш, ўқиш харажатларининг юқорилиги мендай оддий талаба учун қийинчилик туғдира бошлаган.

Шу боис ёзда биринчи марта Польшага ишлашга келдим. Иш пайтида бир ҳиндистонлик йигит билан танишиб қолдим. У дастурчилик соҳасида ишлаб, анчагина даромад қилаётганини, мени ҳам шу йўналишга қизиқиб кўришимни тавсия қилди.

Суриштириб кўрсам, бир давлатдан иккинчисига фанлар тўғри келса, ўқишни кўчириш мумкин экан. Берилган фанларни қўшимча дарслик сифатида ўрганишингиз керак. Хуллас, бемалол ўқишни ўтказиш имкони борлиги учун танишимнинг маслаҳати билан Польшада дастурлашга ўқитадиган университет излай бошладим. Ўқитиш тизими, яшаш харажатлари маъқул келгани учун Варшава техника университетини танладим.

Ўқишимни кўчириш учун даставвал математика ва инглиз тилидан тест топширганман. Яна танлаган йўналишга (факультетга қараб камида) 5-6 балл атрофидаги IELTS сертификати керак бўлган. Барча имтиҳонлардан яхши ўтиб, иккинчи босқичдан ўқий бошладим.

Фото: Адҳам Умрзоқов архивидан

Полякларнинг икки кунлик тўйлари ва ажойиб урф-одатлари ҳақида

Польшада, айниқса, полякларнинг урф-одатлари ҳайратлантирган. Масалан, улар фарзандининг туғилган кунидан ташқари унга исм қўйилган санани ҳам алоҳида байрам сифатида нишонлар экан.

Яна бир қизиқ томони, уларда Poprawiny деб номланган кеча бор. Бу поляк халқи орасида иккинчи тўй кечаси деб айтилади. Уни тўйга келолмаган меҳмонлар ёки яқинлар билан биргаликда нишонлашади. Иккинчи тўй кечасида ҳам келин-куёв биринчи кундагидек либосда бўлади.

Ўртача иш ҳақи — 730 доллар

Польшада талаба сифатида ишлаш ҳамда ўқиш анча қулай. Чунки бу ер бошқа Европа давлатларига қараганда анча арзон. Ҳозирги кунда Польшада ўртача иш ҳақи 2 800 злота (Полша валютаси) – 730 доллар.

Польшада талабалар ўқишдан ташқари ҳафтасига 20 соат ишлашга рухсат берилган. Ресторан ва тамаддихоналарда ишлашлари мумкин. Агар ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса, таксичилик қилишга ҳам рухсат бор.

Фото: Адҳам Умрзоқов архивидан

Талабаларнинг харажатлари ҳақида

Кўпчилик Польшада талабаларнинг яшашига қанча пул кетади деб сўрайди. Мен арзон ёки қиммат деёлмайман. Чунки кимгадир 200 доллар ҳам қимматлик қилиши мумкин. Келинг, яхшиси аниқ суммаларда ҳисоблаб бераман.

Масалан, талабалар турар жойи ўртача 90-140 евро атрофида. Ўзим ҳам талабалар ётоқхонасида туриб, ойига 150 доллар тўлов қиламан. Контрактим йилига 2 900 евро.

Маҳаллий транспортларга ўртача 11-13 евро, соғлиқ суғуртасига 9-13 евро, озиқ-овқат ва қўшимча харажатлар учун 200 евро. Қисқа қилиб айтганда, талаба бир ой давомида 330-430 евро атрофида пул сарфлайди.

Ишга кириш учун 80 яқин резюме юборганман

Ҳозирда ўқишдан ташқари Deloitte компаниясида амалиётчи-дастурчи бўлиб ишлайман. Маошим 500-1000 доллар атрофида.

Иш жойим ҳақида қисқача айтиб ўтсам. Deloitte компаниясига 1845 йили Буюк Британияда асос солинган. Бу ерга ишга киришдан олдин бошқа компанияларга салкам 80 га яқин резюме жўнатганман. Ниҳоят Deloitte ходимлари почтамга амалиётчи сифатида ишга қабул қилинганим хабар юборган. Жуда хурсанд бўлганман. Очиғи, бу ерга ойликсиз ишга киришга ҳам рози эдим. Сабаби, компания Қўшма Штатлардаги энг йирик тўртинчи хусусий компания ҳисобланиб, ишга фақат тажрибали дастурчиларни қабул қилади. Бундай нуфузли жойга ишга кирганим ўзимга бўлган ишончимни янада оширган.

Фото: Адҳам Умрзоқов архивидан

Илк Европа сафарим Латвиядан бошланган

Польша яшаш ва саёҳат учун қулай жойда жойлашган. Болтиқ денгизи орқали Скандинавия давлатларига чиқиш имконияти бор. Шу боис ҳозирга қадар 15 дан ортиқ давлатларга жумладан Италия, Испания, Португалия, Швеция, Норвегия, Дания, Австрия, Швейцария, Латвия, Литва, Эстония, Финляндия, Чехия, Польша, Венгрия, Германия, Францияга саёҳат қилганман.

Талабадан абитуриентларга тавсиялар

Хорижда ўқишни ният қилган ёшлар, аввало, олдиларига аниқ мақсад қўйиб олишлари керак. Четда ҳақиқатан таҳсил олиш ёки даромад қилиш учун кетяпсизми, яхшилаб билиб олинг ва шунга қараб университет танланг.

Шунингдек, нафақат инглиз тили, балки бораётган мамлакатингизнинг, у халқаро мақомга эга бўлмаса ҳам, давлат тилини ўрганинг. Чунки ўзим Польшада келганимда бошида поляк тилини билмаганим учун кўп қийналганман. Кейин репетиторга қатнаб, астойдил ўрганганман.

Давлат тилини яхши билишим айни пайтда менга катта ёрдам беряпти.

Иккинчи тавсиям ҳужжатлар тайёрлаш билан боғлиқ. Ўз мисолимда айтсам, Европага келишимда бу борада унчалик қийналмаганман, чунки қандай ҳужжатлар кераклиги ҳақида Латвиядаги танишимдан барча маълумотларни олганман.

Агар сиз бораётган мамлакатда танишингиз бўлмаса, яхшиси, университет веб-сайтидан олинг. Агар у маълумотлар етарли бўлмаса, университет маъмурияти билан тўғридан-тўғри боғланинг. Улар сизнинг саволларингизга аниқ ва батафсил жавоб беради.

Фото: Адҳам Умрзоқов архивидан

Польша дастурчиларни етиштириб чиқариш бўйича юқори ўринларда туради. Агар дастурлашга ёки компьютер соҳасига қизиқсангиз, ўқиш учун сизга Польшани тавсия қиламан.

Онам мени хорижда ўқитиш учун Яманда ишлаб келган

Биз оилада беш кишимиз: дадам, онам, иккита опам ва мен. Дадамлар ҳозирда уйда деҳқончилик билан шуғулланади. Онамлар шифокор, катта опам ҳамшира, иккинчиси эса мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди.

Менинг орзуларимга етишимда ота-онамнинг ва Ниёзбек тоғамнинг ҳиссалари катта бўлган. Онам мени ўқитиш учун Яманда бир муддат шифокор бўлиб ишлаб келганлар. Ҳамиша уларга мос фарзанд бўлишга ҳаракат қиламан.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.

Лойиҳада иштирок этишни истаган хорижда ўқиётган, меҳнат фаолияти олиб бораётган юртдошларимиз Telegram’даги @daryomuxbiriга мурожаат қилишлари мумкин.

Мавзуга доир: