Хитой раиси Си Цзиньпин онлайн тарзда ўтказилган Давосс халқаро иқтисодий форумида давлатлар COVID-19 коронавирусига қарши курашда бирлашиб ҳаракат қилиши лозимлиги ва янги совуқ урушни бошлашга интилмаслиги кераклигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, давлатларнинг фронтларга бўлиниши вазиятни боши берк кўчага олиб келиши мумкин.

Фото: France 24

«Кичик гуруҳларни тузиш ёки бошқаларни чўчитиш ва уларга таҳдид қилиш учун янгидан совуқ урушни бошлаш дунёнинг бўлинишига олиб келади»,— дея Си Цзиньпин сўзларидан иқтибос келтирган AFP.

Хитой раҳбари бир неча ой аввал БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида мамлакатнинг ҳеч ким билан на иссиқ ва на совуқ урушда қатнашиш нияти йўқлигини билдирганди.

Шунингдек, у ўшанда БМТнинг пандемиядан қийналаётган давлатларга ёрдам кўрсатиш бўйича режасини қўллаб-қувватлаб, унинг ижроси учун 50 миллион АҚШ доллари ажратилишини маълум қилган.