АҚШ президенти Дональд Трамп америкалик сиёсатчилар, мусиқачилар, спортчилар ва рассомларга ёдгорликлар ўрнатишни режалаштирган Америка қаҳрамонлари миллий боғини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Varete’га таяниб, Meduza хабар қилмоқда.

Фото: АP

Фармонда икки юздан ортиқ исмлар келтирилган. Трампнинг сўзларига кўра, булар «Американинг жамиятига катта ҳисса қўшган ёки унинг тарихига ўзгача таъсир кўрсатган» тарихий аҳамиятга эга шахслар ҳисобланади.

Ёдгорлиги ўрнатилиши керак бўлган шахслар рўйхатида Apple асосчиларидан бири Стив Жобс, Disney асосчиси Уолт Дисней, қўшиқчи Уитни Хьюстон, режиссёр Альфред Хичкок, мусиқачи Элвис Пресли, актриса Ингрид Бергман, боксчи Муҳаммад Али, баскетболчи Коби Брайант, қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати раҳбари Мартин Лютер Кинг ва Америка президентлари Томас Жефферсон, Жорж Вашингтон ҳамда Жон Адамс бор.

«Миллий боғ бу – бизнинг қаҳрамонларимизни, қадриятларимизни ва бутун ҳаёт тарзимизни йўқ қилишга қаратилган уринишларга Американинг жавобидир. Вайроналик ва келишмовчиликларни ватанга бўлган чексиз муҳаббат ва доимий ватанпарварлик енгиб чиқади. Бу Америка услуби», – дейилади фармон матнида.

Таъкидланишича, сайланган президент Жо Байден маъмуриятининг ушбу лойиҳани давом эттириш эҳтимоли жуда кам. Шунингдек, боғнинг қаерда қурилиши ҳали аниқ эмас.

Аввалроқ Трамп Байденнинг инаугурациясидан бир кун аввал коронавирус туфайли АҚШга киришга қўйилган тақиқни бекор қилгани ҳамда ўзининг сўнгги иш кунида у юзга яқин кишини афв этишни ҳам режалаштиргани ҳақида хабар берилганди.