Хитой ҳукумати яна коронавирус билан касалланганлар учун вақтинча касалхоналар қуришни бошлади. Хебей провинциясининг Нангонг шаҳрида беш кун ичида 1500 та хонали махсус шифохона қурилди, деб ёзади «ТАСС».

Фото: EPA

Яқин туманлардаги коронавирус билан касалланганлар аллақачон тиббий муассасага жойлаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, Хитой ҳукумати 6,5 минг ихтисослашган хонага эга яна олтита шунга ўхшаш иншоот қуришни режалаштирмоқда.

Стандарт хона майдони 18 квадрат метрни ташкил этади. Хоналар вентиляция, алоҳида санузел билан жиҳозланган, интернетга кириш имконияти мавжуд.

Хитой Хебей провинциясида COVID-19 билан касалланиш ҳолати аниқлангандан кейин кўчма касалхоналарни қуришни бошлади. Бугунги кунга келиб маҳаллий шифохоналарда 850 та коронавирус билан касалланган бемор бор.

Пандемия бошланганидан буён Хитойда коронавирус билан касалланган 87 844 нафар бемор қайд этилган, шундан 4635 таси вафот этган.

Аввалроқ Хитойда 5 млн аҳоли яшайдиган шаҳар бир кишида коронавирус аниқлангани сабаб изоляцияга олингани ҳамда мамлакатда 8 ой ичида биринчи бор коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берилганди.