Чимбой тумани ҳокими лавозимига яқинда тайинланган Айбек Тажетдинов хизматда фойдаланиш учун Equinox автомобилини харид қилиш фикридан қайтди, дея хабар бермоқда «Kun.uz».

Фото: «Дарё»

«Kun.uz» нашрида эълон қилинган «Чимбойдаги ўқувчилар 8 километр узоқликдаги мактабга эшакда боришмоқда» сарлавҳаси остидаги хабардан кейин ижтимоий тармоқда турли баҳс-мунозаралар пайдо бўлди. Хусусан, «Troll.uz» Telegram-каналида «Чимбой туманида ўқувчилар эшак миниб мактабга қатнамоқда. Шу туманга ҳоким бўлган Айбек Тажетдинов ҳоким бўлганидан 1 ой ўтиб Equinox харид қилган», – деб ёзилди.

Чимбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Наргиза Толибоеванинг айтишича, Equinox хариди бекор қилинган.

«Автомашина хариди учун пул ҳам ўтказилмаган. Ҳоким ҳозирда ўзининг аввалги Captiva’сида юрибди», — деди ҳокимнинг матбуот котиби.

Маълумот учун, илгари Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида, ҳозир эса Чимбой тумани ҳокими бўлган Айбек Тажетдинов UzAuto Motors компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Equinox русумли машинани 349 миллион сўмга сотиб олиш бўйича шартномани 2020 йилнинг 21 декабрь куни имзолаган.

Шартнома муддати 10 кун қилиб кўрсатилган. Аммо Чимбой тумани ҳокимлиги бош ҳисобчиси Захаратдин Жиемуратовнинг айтишича, шартнома тўлиқ бекор қилинган. Шартномада кўрсатилган пул ҳам ўтказилмаган.

Шу билан бирга, «Troll.uz» 8 километр йўл босиб мактабга қатнайдиган ўқувчилар учун автобус ташкил қилиш таклифини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил ноябрь ойи бошида Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиев Captiva хизмат машинаси бўла туриб, 370 миллион сўмга Trailblazer, шунингдек, пандемия даврида Учқўрғон, Поп, Қўшработ ва Нарпай туманлари ҳокимликлари ҳам Trailblazer сотиб олгани тўғрисида хабар берилганди. Денов тумани ҳокимлиги эса карантин кучайтирилган пайтда — 2020 йилнинг июлида 398 миллион сўмга Trailblazer LTZ-АТ, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳам июлда бюджет маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 579 миллион сўмга Toyota ЛC200 автомобилини ҳамда сентябрь ойида қарийб 400 миллион сўмга Trailblazer LTZ-АТ русумли автомобиль харид қилган.

Бундан ташқари, Мирзачўл тумани ҳокимлиги 370 миллион сўмга Trailblazer, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳоким ўринбосарига 349 миллион сўмга Equinox, ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчисигаёрдамчиси ҳамда ишлар бошқармаси бошлиғига 621 миллион сўмга 3 та Tracker хизмат машиналари сотиб олган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов мансабдор шахслар пандемия шароитида давлат маблағларининг самарали сарфланиши нақадар муҳим эканлигини тўла англаб етмаётгани, қиммат нархлардаги хизмат автотранспортларини харид қилинаётганига муносабат ҳам билдирган. Шунингдек, Президентнинг янги қарорига кўра, туман ҳокимларига нархи 267,5 миллион сўмдан юқори хизмат автомобили сотиб олиш тақиқланиши мумкинлиги маълум қилинганди.