Ўрта аср Европасида христианлар ва яҳудийлар ўртасидаги муносабатлар доимо кескин бўлиб, кўпинча зўравонликларга олиб келган. Ўша пайтларда яҳудийларни қабрларни таҳқирлашда ва сирли маросимларда қотилликлар уюштиришда айблаш одат тусига кирган эди. 1349 йилга келиб, ушбу анъанавий айбловлар Қора ўлат тарқалиши айбловига қўшилди. Натижада, бутун Европада яҳудийлар қирғини авж олди.
Қора ўлат
XIV асрнинг бошларида рўй берган иқлимнинг кескин ёмонлашиши Европа мамлакатларини даҳшатли очарчиликка олиб келди. Бунинг фонида авж олган ва бутун бошли шаҳарларни қиришни бошлаган Қора ўлат даҳшатига яҳудийларни таъқиб қилиш ҳам қўшилди.Яҳудийлар касалликдан насронийларга қараганда сезиларли даражада камроқ азоб чекарди. Шунинг учун ҳам уларга нисбатан насронийларда шубҳа уйғона бошлади. Аслида, шунчаки яҳудий жамоаларининг ёпиқ турмуш тарзи ва шахсий гигиенага яхшироқ эътибор беришлари уларнинг камроқ касалланишида муҳим рол ўйнади.
Вабо тарқалишидан олдин ҳам яҳудийларни тез-тез булоқларни заҳарлашда ва мохов касаллигини тарқалишида айблашар эди. Яҳудийлар ва мусулмонлар ўзаро тил бириктириб, барча насронийларни ҳалокатли касалликлар орқали йўқ қилиш учун ҳаракат қилаётгани тўғрисида доимий миш-мишлар тарқаларди. Шунингдек, Қора ўлат касаллиги насронийларнинг яҳудийларга нисбатан ўтмишдаги бағрикенглиги учун жазо сифатида юборилган деб ишонилган.
Франциядан Швейцариягача
Биринчи яҳудий қирғинлари 1348 йил апрелда Франциянинг Тулон шаҳрида бошланди. Кейин Испаниянинг Барселона шаҳрида ҳам оммавий қирғинлар бўлиб ўтди. Сентябрга келиб, яҳудийларни ўлдириш Сюрих шаҳри кўчаларида бошланди ва декабрда Базел шаҳрида уларни тириклайин ёқишди.1349 йил 9 январда Базелдаги яҳудийлар жамоатининг қатл қилиниши Қора ўлат давридаги яҳудийлар таъқибининг энг даҳшатли эпизодларидан бири эди. Тахминларга кўра, ўшанда 50 нафардан 70 нафаргача яҳудийлар тириклай ёқиб юборилди. XII аср охири ва XIII аср бошларида Базелда Рейндан кўчиб келган яҳудийлар жамоаси пайдо бўлди. XIII асрда шаҳар деворларидан ташқарида яҳудийлар ибодатхонаси ва қабристони мавжуд эди.
Шаҳар яҳудийлар томонидан қудуқларнинг заҳарланиши сабабли пайдо бўлган даҳшатли эпидемия ҳақидаги миш-мишлар билан тўлди. 1348 йилги Рождество пайтидаёқ, ҳали вабо Базелга етиб келмай туриб, яҳудийлар қабристони вайрон қилинди ва кўплаб яҳудийлар шаҳарни тарк этди. 1349 йил январда минтақадаги яҳудийларга қарши ҳужумлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда Страсбург епископи, Фрайбург ва Базел шаҳарлари вакиллари яҳудийлар борасидаги ўз сиёсатларини мувофиқлаштириш учун учрашди.
Базел қирғини
Базелдаги қирғин ғазабланган оломон томонидан амалга оширилди ва бунга шаҳар кенгаши ёки епископ томонидан қонуний равишда санкция берилмаган эди. Оломон шаҳарда қолган барча яҳудийларни асирга олди ва уларни Рейн дарёсидаги оролда жойлашган қуриган ёғоч кулбага қамади. Кулбани ёқиб юборишди, унинг ичида қолган яҳудийлар эса тириклайин ёниб кулга айланди.Ўрта аср манбаларида тилга олинган 300 дан 600 гача бўлган қурбонлар сони ишончли эмас; ўша пайтда Базелдаги бутун яҳудийлар жамоати тахминан 100 кишини ташкил қилган ва уларнинг кўплари олдинги ҳафталардаги таъқибларга дучор бўлиш оқибатида қочиб кетган эди. Замонавий тарихчиларнинг фикрига кўра, 50 дан 70 гача бўлган қурбонлар сони жуда ишончлидир. Яҳудийларнинг болалари ўлимдан қутулиб қолди, аммо улар мажбуран чўқинтирилди ва монастирларга жойлаштирилди. Афтидан, кўплаб вояга етган яҳудийлар ҳам тирик қолди, чунки улар ҳам насроний динини қабул қилди.
Шу каби қирғинлар 30 январда Фрайбург ва Страсбургда ҳам бўлиб ўтди. Ушбу қирғинлар Қора ўлат шаҳарга етиб келишидан олдин содир бўлди. Ниҳоят, 1349 йил апрель май ойларида шаҳарда эпидемия бошланганда, насронийликни қабул қилган яҳудийлар ҳам қудуқларни заҳарлаганликда айбланди. Улар айбдор деб топилиб, қатл этилди, баъзилари шаҳардан чиқариб юборилди.
Яҳудийларнинг кейинги тақдири
1349 йилда яҳудийлар Базел шаҳридан қувиб чиқарилгандан сўнг,улар камида 200 йил давомида шаҳарга қайтариб киритилмаслиги тўғрисида оммавий равишда қарор қабул қилинди. Бироқ орадан 15 йил ўтмай, 1356 йилдаги даҳшатли зилзиладан кейин яҳудийларга қайтишга рухсат берилди ва 1365 йилга келиб шаҳарда яҳудий жамоасининг мавжудлиги ҳужжатлаштирилди. Тахминларга кўра, 1370 йилга келиб, шаҳарда яҳудийлар сони 150 нафарга яқин эди (жами аҳоли саккиз минг киши). 1397 йилда ноаниқ сабабларга кўра улар яна шаҳарни тарк этди.Маълум бўлишича, бу сафар яҳудийлар шаҳарни ихтиёрий равишда ташлаб кетди ва шаҳар кенгашининг уларни сақлаб қолишга бўлган уринишларига қарамай, улар шарққа, Габсбурглар ҳудудига кўчиб ўтди. Эҳтимол, улар 1390 йилларда Элзасда ривожланаётган яҳудийларга қарши кайфиятнинг янги оқимидан хавотирланиб, бўлажак янги таъқиблардан қўрқиб кетиб қолди. Бу сафар шаҳарда яҳудий жамоасининг йўқлиги узоқ давом этди ва Базелдаги замонавий яҳудийлар жамоаси орадан тўрт асрдан кўпроқ вақт ўтгач, 1805 йилдагина ташкил топди.
1349 йил январь ойида Аусбург, Зальцбург, Мюнхен, Фрайбург ва Шпеерда ҳам қирғинлар авж олди. 1349 йил 14 февраль Европадаги яҳудий жамоалари учун энг қора кун бўлди. Шу куни Страсбургда 900 нафар яҳудий тириклайин ёқиб юборилди, улар ҳам «қора ўлим»ни тарқатишда айбланди. Ушбу воқеа XIV асрнинг ўрталаридаги вабо пандемияси пайтида Европа шаҳарларини қамраб олган яҳудий қирғинларининг энг юқори нуқтаси эди.
Ушбу қирғинларнинг асосий қаҳрамонлари шаҳар аҳолиси ва ҳунармандлар эди. Руҳонийлар бунда қатнашмади. Яҳудийларнинг хавфсизлигини таъминлаши керак бўлган маҳаллий ҳукмдорлар эса халқ нафратидан четда туришни афзал кўрди.
«Муқаддас замин»
Ушбу даҳшатли қирғинлар даврида Европа яҳудийлари учун Польша ҳақиқий «муқаддас замин»га айланди, чунки бу ерда қирол Казимир III Буюк уларга бошпана берди ва яҳудийларнинг хавфсизлигини кафолатлади. Ушбу истиқболли сиёсат кўп йиллар давомида Польша қироллигининг иқтисодий ўсишини таъминлади.Кейинчалик, ушбу қирғинларнинг кўпи ўз-ўзидан пайдо бўлган халқ қўзғолонларига айланиб кетди. Масалан, Кёльнда яҳудий қирғинлари учун масъул бўлганлар қирғинларни барча бегона миллатлар ва тиланчиларга қарши қаратишга ҳаракат қилди.
1351 йилдан кейин касаллик камайишни бошлади ва шу билан яҳудий қирғинлари тўхтади. XIV асрнинг иккинчи ярмида Европанинг кўплаб шаҳарларида яҳудий жамоалари қайта тикланди. Ушбу даҳшатли эпидемияга эса оддий кемирувчилар сабаб бўлган эди... Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя.
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)